Жорий йилда Парламент 86 та қонун қабул қилди – ҚР Сенати раиси

Фото:
ASTANA. Кazinform – Бугун Сенатнинг бу йилги якуний умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Шу муносабат билан палата раиси Маулен Ашимбаев Сенатнинг бир йиллик фаолиятини сарҳисоб қилди ва асосий натижаларга тўхталди, деб хабар беради Кazinform мухбири.

Сенат Раиси ўз нутқида Давлат раҳбари ташаббусларини қонунчилик билан қўллаб-қувватлаш палата фаолиятининг асосий устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади.

«Жорий йилда Парламент 86 та қонун қабул қилди, улардан 13 таси депутатлар ташаббуси билан амалга оширилди. Қабул қилинган қонунлар мамлакатнинг сиёсий ва барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга қаратилган. Қонун ижодкорлиги жараёнида ҳар бир қонун лойиҳаси Сенатнинг доимий комиссияларида атрофлича муҳокама қилинди. Халқнинг фикри, кўпчилик овози инобатга олинди. Конституцияга, унинг асосида бир қатор конституциявий қонунлар ва қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Конституциявий суд, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил, прокуратура тўғрисида конституциявий қонунлар қабул қилинди. Қозоғистон Республикаси Президенти, Парламент ва Ҳукуматнинг ҳуқуқий мақомини белгиловчи конституциявий қонунларга ўзгартиришлар киритилди», — деди М. Ашимбаев.

Палата раиси Сенатнинг доимий комиссиялари томонидан йил давомида қонунчилик фаолияти билан бир қаторда қатор муҳим тадбирлар ҳам ўтказилганини таъкидлади.

«Сенатда «Янги Қозоғистон: ёшлар ва модернизация» мавзуида парламент эшитуви бўлиб ўтди. Жорий йилда 4 та Ҳукумат соати ташкил этилди. Унда бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш, ҳудудларни газлаштириш, уй-жой қурилишини ривожлантириш, соғлиқни сақлаш тизимининг мавжудлиги ва самарадорлигини ошириш масалалари кўриб чиқилди. Қўмиталар томонидан 50 га яқин жойларда учрашувлар ва давра суҳбатлари ташкил этилди. Ҳамкасбларимиз ҳудудларда, жумладан, чекка қишлоқларда ҳам маҳаллий аҳоли билан 650 га яқин учрашувлар ўтказди. Бундан ташқари, жорий йилда сенаторлар томонидан 149 та депутатлик сўрови юборилган», — дея хулоса қилди Сенат раиси.

Аввал хабар қилинганидек, бугун Сенатнинг умумий йиғилишида Қозоғистон Республикаси Конституциявий суди судялари тайинланди.

Муаллиф: Руслан Ғаббасов


Сўнгги хабарлар