Жорий йилда Қозоғистонда умумий қиймати 1,9 трлн тенге бўлган 280 дан ортиқ инвестиция лойиҳасини ишга тушириш режалаштирилган

Фото: Фото: primeminister.kz
ASTANA. Kazinform – 27 май, шанба куни ҚР Бош вазири Алихан Смаилов Инвестиция штабининг йиғилишини ўтказди, унда асосий капитал инвестициялари ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш жараёни кўриб чиқилди, деб хабар беради Kazinform Ҳукуматнинг расмий сайтига таяниб.

ҚР Миллий иқтисодиёт вазири Алибек Қуантировнинг маълум қилишича, жорий йил январь-апрель ойларида асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар умумий ҳажми 3,8 триллион тенгени ташкил этди, бу 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 18 фоизга кўпдир. Бу борада тоғ-кон ва қайта ишлаш саноати, кўчмас мулк операциялари, транспорт ва омборларда сақлаш, қишлоқ хўжалиги кўрсаткичлари юқори.

Январь-апрель ойларида республика мақсадли кўрсаткичга эришилди. 20 та ҳудуддан 12 таси режани бажарган ёки ортиғи билан бажарган. Улар орасида Туркистон (148%), Қизилўрда (137%), Қарағанди (122%), Манғистау (122%) ва Ақмола (116%) вилоятлари бор. Марказий давлат органлари ўртасида Соғлиқни сақлаш (167%), Таълим-маориф (153%), Фан ва олий таълим (152%), Савдо ва интеграция (143%), Қишлоқ хўжалиги (116%), Экология ва табиий ресурслар (108%) вазирликлари белгиланган кўрсаткичларни ортиғи билан бажарди.

Бош вазир 4 ой якунларига кўра, барча ҳудудлар ва марказий давлат органлари томонидан асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар бўйича кўрсаткичлар тақдим этилгани, лекин 8 та ҳудуд мақсадли кўрсаткичларга эришмаганини таъкидлади. Аутсайдерлар - Улитау (52%), Абай (64%) ва Жамбил (65%) вилоятларидир.

«Улитау ва Жамбил вилоятлари ўтган йили ҳам режани бажармаган. Бу вилоятлар ҳокимлари аввалроқ Инвестициялар бўйича штаб йиғилишида жорий йилда вазиятни тўғирлашга ваъда берган эди. Лекин, кўриб турганимиздек, бу вилоятлар барча вилоятлар орасида охирги ўринларда қоляпти», - деди Алихан Смаилов.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида Абай вилояти ҳокими Нурлан Уранхаев, Жетису вилояти ҳокими Бейбит Исабаев, Жамбил вилояти ҳокими Нуржан Нуржигитов, Қарағанди вилояти ҳокими Ермағанбет Болекпаев ва Улитау вилояти ҳокими ўринбосари Улантай Усенов маъруза қилди. Ҳукумат раҳбари сўзга чиққанларни тинглаб, биринчи ярим йил якунларига кўра, инвестициялар бўйича масъул мансабдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилишини таъкидлади.

Шу билан бирга, Алихан Смаилов Маданият ва спорт (62 фоиз), Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат (61 фоиз) вазирликларининг капитал қўйилмалар бўйича олиб борилаётган ишлар суръати жуда суст эканини таъкидлаб, IT соҳасидаги лойиҳаларни кўпайтириш, шунингдек, туризм соҳасига сармоя жалб этиш борасидаги ишларни кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Ушбу масалалар юзасидан Маданият ва спорт вазири Асхат Оралов ва рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири ўринбосари Асқар Жамбакиннинг маърузалари тингланди.

Бош вазир таъкидлаганидек, жорий йилда Ҳукумат олдига асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар ҳажмини 18,5 триллион тенгега етказиш вазифаси турибди. Бу борада вилоятлар ва вазирликлар йўл қўйилган камчиликларни ҳисобга олган ҳолда асосий капиталга инвестицияларни жалб этиш ишларини кучайтиришлари зарур.

Шу билан бирга, йиғилишда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича ўтган йилги ишлар якунлари кўриб чиқилди.

ҚР Ташқи ишлар вазири ўринбосари Алмас Айдаровнинг сўзларига кўра, ўтган йили асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар 28 миллиард долларни ташкил этди ва бу - сўнгги 10 йилдаги рекорд кўрсаткичдир. Иқтисодиётнинг асосий тармоқларида умумий қиймати 2,3 триллион тенге бўлган 199 та инвестиция лойиҳаси фойдаланишга топширилди. 2023 йилда умумий қиймати 1,9 триллион тенге бўлган яна 281 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган.

Ўтган йил якунларига кўра, етакчи сармоядорлар ўнлигига Нидерландия, АҚШ, Швейцария, Бельгия, Россия, Жанубий Корея, Хитой, Франция, Буюк Британия ва Германия кирди. Алихан Смаилов Давлат раҳбари Ҳукумат олдига 2029 йилгача 150 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этиш вазифасини қўйганини таъкидлади.

«Бу йил биз иқтисодиётга камида 24 миллиард долларлик хорижий капитални жалб этишимиз керак. Вазирлар ва ҳокимлар иқтисодиётнинг устувор тармоқларида хорижий капитал иштирокида янги ва сифатли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрсин», - деди ҚР Бош вазири.

Бундан ташқари, йиғилишда хорижий инвесторлар иштирокида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар билан боғлиқ муаммоли масалалар ҳам кўриб чиқилди. Муҳокама якунларига кўра, Алихан Смаилов масъул давлат органлари ва ташкилотларига уларни ҳал этиш бўйича туб чора-тадбирлар кўриш бўйича топшириқлар берди.

Сўнгги хабарлар