Жорий йилда Қозоғистонда 12 млрд тенгега 130 млн туп дарахт экилди

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистонда жорий йилда 130 миллион дарахт экилди. Бу ҳақда ҚР Экология, геология ва табиий ресурслар вазири ўринбосари Алия Шалабекова Марказий коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«Ўтган йили Президентимиз Қозоғистон халқига Мурожаатномасида 5 йил ичида ўрмон ресурсларини 2 миллиард дарахтга кўпайтириш бўйича топшириқ берган эди. Шу муносабат билан вилоят ҳокимликлари томонидан 2021-2025 йилларга мўлжалланган дарахт экиш, яъни ўрмон хўжалигини ривожлантиришнинг комплекс режаси тасдиқланди. Давлатимиз раҳбари топшириғига кўра, вилоят ҳокимликлари томонидан 1 миллиард 539 миллион, вазирликлар томонидан 251 миллион туп кўчат ўтқазилади. Вазирлик ушбу дарахтларни миллий боғлар ва қўриқхоналарга экмоқда. Шунингдек, табиатдан фойдаланувчилар ва бошқа ташаббускор гуруҳлар томонидан 210 миллион туп дарахт экиш режалаштирилган», - деди Алия Шалабекова.

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, жорий йилда Қозоғистонда кўчат экиш режаси тўлиқ бажарилган.

«Жорий йилда мамлакатимиз бўйича 62 минг гектар майдонга 130 миллион туп дарахт экилди. Улардан 59,5 миллион дона саксовул (46 фоиз), 45 миллион дона қарағай (35 фоиз), 8,7 миллион дона арча (7 фоиз), 5,5 миллион дона қайин (4 фоиз) ва 11,3 миллион туп (8 фоиз) бошқа дарахтлар турлари экилган. Бу йилги режага кўра, бу ишлар учун 12 миллиард тенге маблағ ажратилган. Жумладан, республика бюджетидан 4,6 миллиард тенге, маҳаллий бюджетлар ҳисобидан 7,4 миллиард тенге», - деди у.

Бундан ташқари, вазир ўринбосари 422 та техника ва ускуналар харид қилинганини таъкидлади.


Муаллиф: Али Ибраев


Сўнгги хабарлар