Жорий йилда 800 нафар хорижлик Атирау вилоятига мавсумий ишлар учун келиши мумкин

None
ATYRAU. Кazinform - Бу йил Атирау вилоятида мавсумий ишлар учун ишчи кучи етишмаяпти. Айнан шунинг учун ҳам баҳорда 800 нафар хорижлик келиши мумкин, деб хабар беради Кazinform мухбири.

Бандликни мувофиқлаштириш ва ижтимоий дастурлар бўлими бошлиғи Мейрамбек Алдияровнинг айтишича, жорий йилда хорижлик ишчиларнинг мавсумий ишлаши учун 800 та квота ажратилган.

«Асосий мақсадимиз – чет эллик ишчи кучини қисқартириш ва маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаш. Бироқ, Атирау вилояти фермерларининг таклифини инобатга олиб, жорий йилда мавсумий ишлар учун квоталар сонини 800 тага оширмоқдамиз. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан икки баробар ошди», — деди Мейрамбек Алдияров.

Унга кўра, қишлоқ хўжалиги соҳасида мавсумий ишлар учун хорижий ишчи кучини жалб қилиш тартиби мавжуд.

Шу сабабли фермерлар ишчиларни ёллаш жараёнини электрон лицензиялаш веб-портали орқали амалга оширишлари керак.

Аввалроқ Ўзбекистон Республикасининг Ақтау шаҳридаги бош консули Отабек Турсунбеков қўшни давлат фуқаролари Атирау вилоятига келиб ишлашга тайёрлигини маълум қилганди.

«Бироқ, махсус ҳужжатга кўра, Атираудаги фермер хўжаликлари Ўзбекистон Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан шартнома тузиши керак. Бу ҳам онлайн тарзда амалга оширилади. Мурожаатда қанча одам, неча ой ишлаши кераклиги, маош миқдори ҳақида аниқ маълумотлар бўлиши керак», — деди Отабек Турсунбеков.

Фермерларнинг айтишича, мавсумий ишларда ишлаётган хорижликлар асосан Ўзбекистон Республикасидан келади. Атирау вилоятида қишлоқ хўжалиги соҳасида мавсумий ишлар 15 февралдан бошланади ва 15 ноябргача давом этади. Иссиқхона хизматлари йил давомида амалга оширилади.

Муаллиф: Бек Мустафа

Сўнгги хабарлар