Жетису вилоятида шамол электр станцияси қурилади

2 Март, 09:15
Жетису вилоятида шамол электр станцияси қурилади

ASTANА. Kazinform - Қозоғистон Республикаси Энергетика вазирлиги, «Самруқ-Қазна» АЖ ва ACWA Power компанияси ўртасида шамол энергия станциялари юзасидан йирик лойиҳани амалга ошириш бўйича келишув имзоланди, дея хабар беради Кazinform Энергетика вазирлиги матбуот хизматига таяниб.

1 март куни Энергетика вазири Болат Ақшолаковнинг «Самруқ-Қазна» АЖ бошқаруви раиси Алмасадам Сатқалиев билан биргаликда Ар-Риёдга (Саудия Арабистони Қироллиги) амалий ташрифи бўлди.

Қозоғистон делегатсияси Саудия Арабистони Энергетика вазири Абдулазиз бин Салмон ва «Saudi Aramco», «SABIC» ҳамда «ACWA Power».каби йирик компаниялар раҳбарияти билан учрашди.

Учрашувда Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев топшириғини бажариш доирасида Қозоғистон Республикаси Энергетика вазирлиги, «Самруқ-Қазна» ва ACWA Powe ўртасида шамол энергия станциялари (ШЭС) лойиҳасини амалга ошириш тамойиллари тўғрисида битим имзоланди.

Имзоланган шартнома Жетису вилоятида (Жунғор дарвозаси) умумий қуввати 1 ГВт бўлган шамол электр станциясини ривожлантириш, молиялаштириш, қуриш ва фойдаланишга қаратилган бўлиб, қурилишни 2025 йилда бошлаш режалаштирилган.

Лойиҳани амалга ошириш Қозоғистоннинг «яшил» иқтисодиётга ўтиш концепциясида тасдиқланган мақсадли кўрсаткичларга эришиш, янги иш ўринларини яратиш, қўшимча инвестицияларни жалб қилиш ва «яшил» электр энергияси ишлаб чиқаришни кўпайтириш имконини бериши кутилмоқда.

Шунингдек, учрашув давомида нефть-газ ва нефть-кимё лойиҳаларини амалга ошириш ва ривожлантириш, шу жумладан шамол энергия манбаларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича қўшма истиқболли йўналишларни белгиловчи Идоралараро битимни имзолаш имкониятларини кўриб чиқишга келишиб олдилар.

Аввалроқ, 2022 йил 24 июл куни Давлат раҳбарининг Саудия Арабистонига ташрифи чоғида икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувларга эришилган эди. Хусусан, Қозоғистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва ACWA Power компанияси ўртасида электроэнергетика саноати ва ШЭСларни ривожлантириш юзасидан икки томонлама ҳамкорлик масалалари бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди.


Янгиликлар