Женевада Марказий Осиёда ўлим жазосидан холи ҳудуд яратиш масаласи муҳокама қилинди

None
None
GENEVA. Kazinform - Қозоғистоннинг Женевадаги БМТ бўлими ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий ваколатхонаси Марказий Осиё давлатлари ва Мўғулистоннинг Ўлим жазосига қарши халқаро комиссия (ЎЖҚХК) билан минтақавий учрашувини ўтказди. Бу ҳақда Kazinform Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига таяниб хабар беради.

Марказий Осиё мамлакатлари ва Мўғулистон вакиллари, ЎЖҚХК вице-президенти ва Швейцария Конфедерациясининг собиқ президенти Рут Дрейфус, шунингдек, Комиссия аъзоси, Мўғулистоннинг собиқ президенти Цахиагийн Элбэгдорж минтақа давлатларининг бу борадаги чора-тадбирларини, ўлим жазосини бекор қилиш ва Марказий Осиё ва Мўғулистонни ўлим жазосидан холи ҳудудга айлантиришнинг мумкин бўлган йўлларини муҳокама қилдилар.

Қозоғистон Республикасининг Доимий вакили Ерлан Алимбаев Қозоғистон томонидан 2021 йилда Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг ўлим жазосини бекор қилишга қаратилган Иккинчи Факультатив протоколи ратификация қилиниши ҳақида гапирди.

Бундан ташқари, қозоғистонлик дипломат йиғилиш иштирокчиларини Президент Қасим-Жомарт Тоқаев томонидан «Иккинчи республика» концепцияси доирасида бошланган сиёсий ислоҳотлар, 2022 йил 5 июн куни Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум ўтказиш тўғрисидаги қарор, шу жумладан ўлим жазосини тақиқловчи тузатиш ҳақида маълумот берди.

ЎЖҚХК вице-президенти Р.Дрейфус Қозоғистонни ўлим жазосини бекор қилиш борасида эришилган ютуқлар билан табриклади ва Давлат раҳбарининг ислоҳотлар дастурини олқишлади. Учрашувда Марказий Осиё давлатлари ва Мўғулистон вакиллари минтақани ўлим жазосидан холи ҳудудга айлантириш бўйича келгусидаги мумкин бўлган ҳаракатлар бўйича ўз тажрибалари ва қарашлари билан ўртоқлашдилар.

ЎЖҚХК бутун дунё бўйлаб ўлим жазосини бекор қилишга қаратилган мустақил ташкилотдир. 100 дан ортиқ мамлакатлар ўлим жазосини қонунчилик даражасида бекор қилган.

Сўнгги хабарлар