Жамбил вилоятида юз берган портлаш оқибатида 4 ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди

None
None
TARAZ. Kazinform - Жамбил вилоятида содир бўлган портлаш оқибатида тўрт нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда Қозоғистон мудофаа вазири Нурлан Ермекбаев маълум қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«Аввало, биз ёнғинда ҳалок бўлган 4 ҳарбий хизматчининг оилаларига ҳамдардлик билдирамиз ва жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаймиз», - деди Мудофаа вазири Жамбил минтақавий алоқа хизматида ўтказилган матбуот анжуманида.

Вилоят ҳокими Бердибек Сапарбаевнинг маълум қилишича, айни соатда жабрланганлар сони 88 нафарни ташкил қилмоқда.

«Касалхоналарга 88 киши мурожаат қилган. Уларга шаҳар шифохонасида, Байзақ тумани марказий касалхонасида тегишли тиббий ёрдам кўрсатилди. Енгил тан жароҳати олган 60 га яқин одам тиббий ёрдам туфайли уйларига қайтарилди», - деди вилоят раҳбари.

ҚР Мудофаа вазири Нурлан Ермекбаев, шунингдек, бедарак йўқолганлар ҳам борлигини маълум қилди.

«Ҳарбий қисмда 135 киши хизмат қилади, улар орасида бир нечта ҳарбий хизматчилар ва ҳарбийлаштирилган посбонлар бор. Уларнинг аксарияти шартнома асосида хизмат қилувчи ҳарбийлардир. 15 га яқин офицер бор. У ерда оддий аскарлар йўқ. Уч ҳарбий хизматчи билан ҳозирча боғлана олмаяпмиз. Бундан ташқари, Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг бир нечта мутахассиси бедарак йўқолган», - деди вазир.

Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Жамбил вилояти Королевка қишлоғидаги ҳарбий омборда портлаш юз бергани ҳақида янги маълумот берди.

Вазирлик матбуот хизматининг хабар беришича, фавқулодда вазият пайтида умумий майдони 697 квадрат метр бўлган омборхонада ёнғин содир бўлган.

«Ҳозирги маълумотларга кўра, омборда 500 тоннадан ортиқ тротил бўлган. 90 га яқин одам касалхонага ётқизилган. Улардан 49 нафари Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари», - дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев вазият назорат остига олинганини маълум қилди .



Сўнгги хабарлар