Жамбил вилоятида тоғ-чанғи базаси очилди

None
ASTANА. Кazinform – Жуали туманидаги «Кўксай» этно-сайёҳлик мажмуасида тоғ чанғиси базаси очилди, дея хабар беради Кazinform.

Вилоят раҳбари Нуржан Нуржигитовнинг айтишича, ҳудуднинг об-ҳавоси, табиати туризмни ривожлантириш учун қулай.

«Тоғ-чанғи базаси қишки спорт турларини ва очиқ ҳавода сайр қилишни яхши кўрадиганлар учун албатта ажойиб жой бўлади. Бу ерда нафақат жамбилликлар, балки қўшни вилоятлар аҳолиси ҳам дам олишлари мумкин. Меҳмонларнинг қишки ва ёзги дам олиши учун барча шароит яратилган. Вилоятда туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган йили Тараз мамлакатимиз шаҳарлари орасида биринчи бўлиб Жаҳон ҳунармандлар шаҳарлари рўйхатига расман киритилган эди. Вилоятнинг тарихий-маданий салоҳиятини инобатга олган ҳолда, туристик инфратузилмани ривожлантиришни мунтазам равишда амалга оширамиз», деди вилоят ҳокими.

Базанинг тоғ-чанғи йўналиши ушбу спорт турига янги келганлар учун мўлжалланган. Унинг ҳудудида чанғи ва сноубордлар учун ижара пункти (100 дона), томоша майдони, кафе мавжуд.

Вилоятда сайёҳлар оқимининг ортиб бораётганини ҳисобга олиб, йил давомида узлуксиз фаолият юритадиган туризм кластерини ривожлантириш режалаштирилган. «Кўксай» мажмуасида нафақат қишки, балки ёзги дам олиш учун ҳам қулай шароитлар яратилган. Бу ерда йирик этноқишлоқ, меҳмонхона мажмуаси, ресторанлар барпо этилган. Дам олиш маскани кунига 500 кишини қабул қила олади. Объект тўлиқ қуёш панеллари билан таъминланган. Туризм лойиҳаси доирасида 40 та янги иш ўрни яратилади.

Сўнгги хабарлар