Жамбил вилоятида Сурдлимпиада совриндорларига квартиралар топширилди

Фото: None
ТARAZ. Kazinform - Жамбил вилояти ҳокими Нуржан Нуржигитов Бразилияда ўтказилган ХХIV Сурдлимпиада ўйинларида медалларни қўлга киритган жамбиллик спортчилар билан учрашди, дея хабар беради Кazinform мухбири.

1-15 май кунлари Бразилиянинг Кашиас-ду-Сул шаҳрида ХХIV ёзги Сурдлимпиада ўйинлари бўлиб ўтди. Унда дунёнинг 100 дан ортиқ давлатидан 4 мингга яқин спортчи 21 спорт тури бўйича 205 та совринлар жамланмаси учун кураш олиб борди.


Қозоғистон терма жамоаси эшитиш нуқсонлари бўлган спортчилар учун асосий спорт стартига 65 кишини жўнатди, улардан 13 нафари жамбиллик. Ўйинлар натижасида маҳаллий спорт мактаблари тарбияланувчилари 11 та медал – учта кумуш ва саккизта бронза медалини қўлга киритди.


Вилоят раҳбари ХХIV Сурдлимпиада совриндорлари билан учрашувда жамбиллик спортчиларни халқаро майдондаги муваффақиятлари билан табриклади.

«Сизни ажойиб чиқишингиз билан табриклайман ва бажарилган ишларингиз учун сизга раҳмат айтмоқчиман. Биз, ўз навбатида, алоҳида эҳтиёжли кишиларнинг спорт билан шуғулланиши учун шароит яратишга имкон қадар эътибор қаратишга ваъда берамиз», — деди Нуржан Нуржигитов.

Вилоят ҳокими ўз нутқида уларнинг мураббийларининг хизматлари катта эканини алоҳида таъкидлаб, Жамбил спорти соҳасида амалга оширилаётган ишлар, ижобий кўрсаткичларга эътибор қаратди. Давлат раҳбарининг кўрсатмаларига мувофиқ вилоятда спортни кенг кўламда қўллаб-қувватламоқда.


Дзюдочи Фериде Кара-Ўғли жамбилликлар орасида биринчи бўлиб Сурдлимпиада медалини қўлга киритди. Унинг шахсий ва жамоавий баҳсларда иккита бронза медали бор. Ғолиблар қаторига унинг ҳамкасби дзюдочи Анна Краморова ҳам киритилди, у яккалик баҳсларида кумуш, жамоавий баҳсда бронза медалини қўлга киритди.

Умумжамоа ҳисобида Эвелина Егембердиева ва Айдос Тугелбаев иккитадан бронза медални олиб келди. Яна иккита бронза медални таэквондочи Олжас Рисжанов қўлга киритди.

Юнон-рум курашчиси Асан Нуржан 77 килограмм вазн тоифасида учинчи бўлди. Эркин курашчилар Ғабит Есжанов ва Турғинбай Ғасир кумуш медални олиб келди.


Вилоят раҳбари ҳар бир спортчини шахсан табриклаб, ташаккурнома ва уй-жой учун совға сертификатларини топширди. Кумуш медал соҳиблари икки хонали, бронза медал соҳиблари бир хонали квартира соҳибига айланишди.

Нуржан Нуржигитов мураббийлар Ерназар Қонисбаев (эркин кураш), Александр Ан (таэквондо), Ринат Исмаилов (юнон-рум кураши), Асқар Усубалиевга (сузиш) ташаккурномалар топширди.


Спортчилардан Айдос Тугелбаев, Эвелина Егембердиева, Абзал Досжанов, Шингисхан Алдибаев, Яна Сибирякова, Руслан Раимбеков, Софья Закутнаяга эсдалик совғалари топширилди.

Спортчилар ва мураббийлар самимий қабул учун вилоят раҳбарига миннатдорлик билдириб, махсус ётоқхона, спорт мажмуаси қуриш бўйича таклифлар билдирди. Вилоят раҳбари барча таклифлар инобатга олиниши ва кўриб чиқилишига ишонтирди. Учрашув сўнгида Нуржан Нуржигитов спортчиларга омад ва зафарлар тилади, деб хабар беради Жамбил вилояти ҳокими матбуот хизмати.

Муаллиф: Галина Скрипник


Сўнгги хабарлар