Жамбил вилоятида аралаш озуқа ишлаб чиқариш заводи очилди

None
TARAZ. Kazinform – «ZHEIF-2023» халқаро форуми доирасида Байзақ туманида «Алель Агро» акциядорлик жамияти паррандачилик фермасига қарашли аралаш озуқа ишлаб чиқариш корхонасининг ишга тушириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Ўтган йили ташкил этилган заводнинг умумий қиймати 4,4 миллиард тенгени ташкил этади. Завод йилига 96 минг тонна озуқа ишлаб чиқариш қувватига эга.

Жамбил вилояти ҳокими Нуржан Нуржигитов, ҚР Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Абилхайр Тамабек, Қирғизистон Республикаси Талас вилояти губернатори Нурлан Даринов, «Алель Агро» акциядорлик жамияти бош директори Ерик Ахметбекули ва қишлоқ хўжалиги соҳаси фахрийси Амангелди Карентаев корхонанинг очилиш маросимида иштирок этиб, ўз табрикларини билдирди.

«Айни пайтда вилоят қишлоқ хўжалиги соҳасида бир қатор хорижий компаниялар билан қўшма лойиҳалар амалга ошириляпти. Вилоятда экин экиш, чорвачилик билан бир қаторда паррандачиликни ҳам ривожлантириш имконияти юқори. Шу ўринда, парранда гўшти ва унинг нархи ҳамёнбоп бўлишини таъминлаш учун бугунги кунда ишга туширилаётган «Алель Агро» акциядорлик жамияти паррандачилик фабрикасига қарашли озуқа ишлаб чиқариш корхонасининг келажаги порлоқ, десак хато бўлмайди.

Умуман, 2019-2021 йилларда вилоятдаги 4 та йирик паррандачилик хўжалиги томонидан 15,4 минг тонна парранда гўшти етиштирилган. 2022 йилда қўшимча «Алель агро» акциядорлик жамиятининг паррандачилик фабрикаси ташкил этилди. Келгуси йилларда ҳам бу борадаги ишлар давом эттирилиб, янги корхоналар очиш режалаштирилган. 2026 йилгача парранда гўшти етиштириш ҳажмини 15,4 минг тоннадан 70 минг тоннага етказиш режалаштирилган. Шу йўл билан ўзимизни парранда гўшти билан таъминлаш масаласи ҳал бўлиши кутилмоқда», - деди вилоят ҳокими Нуржан Нуржигитов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қордайда йилига 1 миллион 200 минг тонна цемент ишлаб чиқарадиган завод қурилиши бошлангани ҳақида хабар берган эдик.

Муаллиф: Эльвира Жарилқасинова


Сўнгги хабарлар