Жаҳон чемпионати: Бугун 6 нафар қозоғистонлик боксчи финал йўлланмаси учун кураш олиб боради

None
ASTANА. Кazinform - Бугун Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли шаҳрида бокс бўйича аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ярим финал жанглари бўлиб ўтади, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Астана вақти билан соат 18.30да бошланадиган кечки йиғинда Қозоғистондан олти нафар боксчи жанг қилади.

Рақибларнинг ҳеч бири заиф эмас. Ўтган йилги жаҳон чемпионати кумуш медали совриндори Алуа Балқибекова 48 килограмм вазнда биринчи бўлиб рингга чиқади. Алуа ўсмирлар ўртасида икки карра жаҳон чемпиони ҳиндистонлик Ниту Гангас билан куч синашади.

57 кг вазн тоифасидаги Карина Ибрагимова икки карра жаҳон чемпиони тайпейлик Линь Юйтиндан устун келишга ҳаракат қилади.

66 кг вазн тоифасидаги Надежда Рябец 2019 йилги жаҳон чемпионати кумуш медали совриндори хитойлик Ян Лю билан жанг қилади.

Валентина Хальзова (75 кг) Ҳамдўстлик ўйинларининг икки карра совриндори австралиялик Кейтлин Паркер билан куч синашади.

Қозоғистоннинг яна бир умиди Фариза Шолтайнинг (81 кг) рақиби – 2018 йилги жаҳон чемпиони, хитойлик Ван Лин.

Лаззат Кунгейбаева (+81 кг) супероғир вазнда Европанинг икки карра ғолиби, озарбайжонлик Айнур Рзаева билан куч синашади.

Барча жанглар «Qazsport» телеканали орқали жонли эфирда намойиш этилади.

Ярим финалга чиққан боксчилар сони бўйича Хитой етакчилик қилмоқда. Етти нафар хитойлик спортчи мусобақани давом эттиради. Қозоғистон (6) иккинчи ўринда.

Эслатиб ўтамиз, кеча бокс бўйича ЖЧ чорак финалига чиққан спортчилар сони бўйича Қозоғистон етакчилик қилгани ҳақида хабар берган эдик.

Муаллиф: Ғайсағали Сейтақ


Сўнгги хабарлар