Ўзбекистонликларнинг қайта тикланадиган энергия манбаларини ўрнатиш харажатлари қопланади

Фото: None
ТASHKENT. Кazinform - Ўзбекистонда 1 сентябрдан бошлаб уй хўжаликларини муқобил энергия манбаларига ўтказишда аҳолини рағбатлантиришнинг янги тизими жорий этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кеча қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилди, дея хабар беради Кazinform мухбири республика раҳбари матбуот хизматига таяниб.

Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия манбаларига асосланган қурилмаларни кенг жорий этишни рағбатлантириш мақсадида аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлашнинг янги тизими белгиланди.

Қуёш ва шамол энергиясидан электр энергияси ишлаб чиқарадиган ҳар бир ўрнатилган ускуна учун қувватига қараб 15 миллион сўм (1350 АҚШ доллари), ушбу энергия манбалари асосидаги сув иситиш ускуналари учун эса 2 миллион сўмгача (180 доллар) компенсация тўланади. Компенсация ўрнига ускунани фоизсиз 3 йилга бўлиб-бўлиб олиш имконияти ҳам берилади.

«Бугунги масала давлат аҳамиятига эга. Биз биринчи навбатда ўзимиздан бошлашимиз керак. Ҳар бир ҳоким, вазир, барча даражадаги раҳбарлар шахсий ўрнак бўлиши, ўз уйида, иш жойида муқобил энергия ускуналарини ўрнатиши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Яна бир афзаллиги шундаки, одамлар бирон бир идорага ташриф буюришлари шарт эмас. Барча ҳужжатлар ускунани сотиб олиш жойида берилади. Бу тизим Энергетика вазирлигининг махсус жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади.

Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 1 сентябридан бутун жараённи рақамлаштириш ва янги тизимни ишга тушириш бўйича топшириқ берди.

Ўзбекистонда давлат муассасалари, иқтисодий объектлар ва оила хўжаликлари босқичма-босқич муқобил энергия таъминотига ўтказилиши ҳақида аввалроқ хабар берилган эди.

Муаллиф: Мадибек Жанибеков


Сўнгги хабарлар