Ўзбекистонлик талабаларни қўшни давлатлардан қайтариш масаласига ойдинлик киритилди

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – Шу йилнинг 7 февралидан қўшни республикаларда ўқиётган ўзбекистонлик талабалар ўқишини маҳаллий ОТМларга кўчириш бўйича аризалар қабули бошланган. Талабгорлар ва уларнинг ота-оналаридан келиб тушган кўплаб мурожаатларни инобатга олган ҳолда, бу муддат 15 мартгача узайтирилган, деб хабар беради Kazinform kun.uz сайтига ҳавола қилиб.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош мутахассиси Абдусамат Маманазаровнинг айтишича, айрим ОАВда тарқалган Ўзбекистон томони ўз талабалари ўқишини мажбурий тарзда кўчираётгани ҳақидаги хабарлар асоссиздир.

«Бундан биринчи навбатда қўшни давлатдаги ОТМ бераётган таълимдан қониқмаган талабаларга ўқишини Ўзбекистонга кўчириши учун имконият бериш мақсади кўзланган. Қўшни давлатларнинг нуфузли университетларида ўқиётган ва ўша муассаса бераётган билимдан қониққан талабалар ўқишларини бемалол давом эттиришлари мумкин. Қайтараман, бу мажбурият эмас, имконият», - деди вазирлик вакили.

Унинг айтишича, бу талабаларнинг айрим олий ўқув юртларидаги таълим сифатидан қониқмаслиги ва яшаш билан, бориб-келиш билан, истиқомат қилиш билан боғлиқ масалалар туфайли ўқишни маҳаллий вузларга кўчириш бўйича кўплаб мурожаатлар бўлган.

У, шунингдек, айрим ОТМлар ўзбекистонлик талабаларга ўқишларини кўчириш учун зарур ҳужжатларни бермаётгани ёки бунинг учун турли баҳоналарни келтирган ҳолда ярим йиллик контракт пули талаб қилишаётгани ҳақидаги гап-сўзлар тарқалиши каби ҳолатлар ҳам инобатга олинганини таъкидлади.

«Фуқароларимиз ўқишини кўчириш бўйича ҳужжатларни олиш учун қўшни давлатлардаги элчихоналарга мурожаат қилишлари лозим. Ҳозир бу масала ечими бўйича ҳаракатлар бошланган. Масала тезда ечимини топади», - деди у.

«Талабаларнинг ўқишини кўчириш масалалари Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сонли Қарорига асосан амалга оширилади. Шу қарор асосида «Олий таълим муассасалари талабаларининг ўқишларини кўчириш ва қайта тиклаш тартибини белгилаш тўғрисида»ги низом тасдиқланган», - дея таъкидлади Абдусамат Маманазаров.


Сўнгги хабарлар