Ўзбекистонлик олимлар силга қарши препарат яратишди

Фото: None
TASHKENT. Kazinform – Ўзбекистон Биоорганик кимё институтининг бир гуруҳ олимлари силга қарши «Биомарин 600 мг» препаратини яратди, деб хабар беради Kazinform ЎзАга таяниб.

Инновацион ривожланиш вазирлиги маълумотларига кўра, препарат полигалактурон кислотаси (пектин) ва силга қарши препаратлар – изониазид, этамбутол ва рифампицин асосида яратилган.

Препарат макромолекуляр хусусиятга эга ва силга қарши изониазид, этамбутол ва рифампициннинг кимёвий боғлари орқали табиий полимер полигалактурон кислотасининг макромолекуласига боғланади. Натижада, бу касалликка қарши бошқа дориларнинг ножўя таъсири бир неча марта камаяди ва организмга самарали таъсир қилиш муддати бир неча марта, яъни узоқ муддатли таъсир кўрсатади. Препарат патоген ҳужайраларга мақсадли таъсир кўрсатади ва силнинг турли штаммларига қарши юқори фаолликка эга.

Таъкидлаш лозим, сил касаллиги инсон соғлиғига хавф солувчи хасталик бўлиб, ўлим билан якунланувчи юқумли касалликлар орасида иккинчи ўринда туради. ЖССТ маълумотларига кўра, ҳар йили дунё бўйлаб 10 миллионга яқин одам сил касаллиги билан касалланади, шундан 1,5 миллиондан ортиқ одам вафот этади. Бу кўрсатгич COVID пандемияси оқибатида янада ошди. Ўзбекистонда ҳар йили 25 мингга яқин одам сил касаллигига чалинади.

Шуни таъкидлаш керакки, силга қарши янги самарали дорилар мавжуд эмас. Бугунги кунда қўлланиладиган дори воситаларининг аксарияти ярим аср олдин ишлаб чиқилган ва бир қатор камчиликларга эга. Хусусан, бу дорилар организмга юқори даражада ён таъсир кўрсатади, бу эса даволаниш вақтида бошқа касалликларнинг ривожланишига олиб келади. Шунингдек, ушбу дориларнинг танадаги таъсир қилиш муддати қисқа (3-6 соат) ва танадаги терапевтик концентрацияни сақлаб қолиш учун кунига бир неча марта қабул қилишни талаб қилади. Бу эса, ўз навбатида, турли токсик ва аллергик ҳолатларнинг пайдо бўлишига олиб келади, дейилади баёнотда.



Сўнгги хабарлар