Ўзбекистонлик олимлар саратон касаллигини 99 фоизга даволовчи препарат ишлаб чиқди

None
ТASKENT. UzA – Кazinform – Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Ядро физикаси институти директори, техника фанлари доктори, профессор Илҳом Содиқов мамлакат олимларининг янги изланишлари ҳақида маълум қилди, деб хабар беради Кazinform UzAга таяниб.

Олимнинг айтишича, айни пайтда институтда 14 та илмий лаборатория ва бўлимлар фаолият юритмоқда. Сўнгги йилларда бир қатор тадқиқотлар ўтказилди.

Энг яхши натижалардан бири 2022 йил июнь ойида рўйхатдан ўтган ва ишлаб чиқаришга киритилган янги радиофармацевтик векторли терапия дори воситасидир. Бу саратон касаллигини даволашда жуда самарали янги дори воситаси.

Ушбу дорининг бир дозаси ҳозир АҚШда 70 000 долларга, Европа мамлакатларида эса 25 000 долларга сотилмоқда. Ўзбекистон Ядро физикаси институти ушбу препаратни республикадаги 3 та онкология диспансерига 1,5 минг доллардан етказиб беришни бошлади.

2018 йилдан буён ушбу дори бир қанча хорижий мамлакатларда ишлаб чиқарилиб, тиббиётда қўлланилмоқда. Уларнинг ҳар бири ўз технологиясидан фойдаланади. Ўзбекистон Ядро физикаси институти томонидан яратилган янги технология асосида ушбу препаратни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Айни пайтда институтнинг «Лютеций-177» номли изотопи дунёдаги бошқа ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларидан 10 баробар тоза ва сифатли радиоизотоп ҳисобланади.

Оддий сўз билан айтганда, институт дунёда мавжуд бўлган дори воситасини такомиллаштириб, маҳаллий технология асосида сифатли ва арзон маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.

Ўзбекистон маҳсулотлари АҚШ, Германия, Россия маҳсулотларидан 10 баробар тоза ва 15-50 баробар арзон.

Препаратнинг таркиби «Лютеций-177» радиоизотопидан ва махсус простата мембранасига бириктирилган «антиген-617» оқсилидан иборат. Ушбу протеин «Лютеций-177» радиоизотопини тананинг саратон метастазлари бўлган жойларига этказиб бериш учун восита вазифасини бажаради. «Лютеций-177» радиоактив изотопи хавфли ўсмаларга кириб, уларни радиоактив нурлари билан ёқиб юборади. Ушбу нурларнинг масофаси 1-2 миллиметр бўлгани учун улар ўсимта орқали кириб боради ва атрофдаги соғлом тўқималарга зарарли таъсир кўрсатмайди. Бу ўсмаларни жарроҳликсиз даволаш имконини беради.

Суратнинг чап томонида бутун танада саратон метастазлари бўлган 4 нафар беморнинг ҳолати кўрсатилган. Ўнг томонда, 2-3 ой давомида «Лютеций-177» ПСМА-617 билан даволашдан кейинги ҳолат.

photo

Ҳозирги вақтда ушбу дори 4-босқич саратон касаллигини 97-99 фоизга даволайди. Инқилобий дорилар қаторидан жой олган ушбу дори дунё шифокорлари томонидан «фантастик натижа» сифатида баҳоланмоқда.

Ушбу препарат институтнинг тармоқ корхонаси ҳисобланган «Радиопрепарат» давлат корхонаси ва Радиокимё илмий лабораторияси олимлари томонидан олиб борилган изланишлар натижасидир.

Ҳозирда компания АҚШдан 55 баробар, Европа давлатларидан 15 баробар, дунёда энг арзон саналган Исроилдан 9-10 баробар арзонроқ маҳсулот ишлаб чиқармоқда.

Эндиликда бу муолажанинг бир неча юз дозасини республикадаги 3 та клиникага етказиб бериш мумкин. Маълумотларга кўра, бир йилда Ўзбекистондан 10 мингга яқин одам саратон касаллигини даволаш учун хорижга кетади. Энди улар ўз мамлакатида бир неча баробар арзонроқ даволаниш имкониятига эга.

Ушбу восита бир неча кундан олдин чиқарилганлиги сабабли, у ҳозирда фақат ички бозорда мавжуд. Умуман олганда, бугунги кунда 60 дан ортиқ радиофармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда, уларнинг бир қисми жаҳон бозорида юқори нархга эга.

Масалан, «Йод-125» радиоизотопи жаҳон ишлаб чиқаришининг 80 фоизи, «Фосфор-32», «Фосфор-33» изотопларининг 60 фоизи шу корхонада ишлаб чиқарилади.

Корхона маҳсулотларининг 95 фоизи экспорт қилинади. Фақат 5 фоизга яқини ички бозорда сотилади.


Сўнгги хабарлар