Ўзбекистонда жорий йилдан бошлаб мактаб битирувчиларининг шаҳодатномалари электрон шаклда берилади

None
TASHKENT. UzA-Kazinform - Ўзбекистонда 2022-2023 ўқув йилидан мактаб битирувчиларининг шаҳодатномалари электрон шаклда берилади, деб хабар беради Kazinform ЎзАга таяниб.

Мактаб таълими соҳасида амалга оширилаётган жараёнларни рақамлаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқларнинг олдини олиш, шунингдек, ўқувчиларга янада қулайлик яратиш мақсадида 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб мактаб битирувчиларига электрон шаҳодатнома бериш тартиби жорий этилмоқда.

Ҳукуматнинг тегишли қарори асосида мазкур электрон шаҳодатноманинг давлат намунаси ҳамда шаҳодатномаларни бериш тартиби тасдиқланди. Айни вақтда электрон шаҳодатнома платформаси (e-shahodatnoma.uz) ишлаб чиқилиб, тегишли вазирлик ва идораларнинг электрон базасига интеграция қилинмоқда.

Бу билан мактаб битирувчилари энди ўз шаҳодатномасини ёнида олиб юриши талаб этилмайди. Олий ўқув юртига ҳужжат топшириш учун Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг (собиқ ДТМ) «ABITUR» дастурига интеграция қилинган ҳолда ҳужжатларни онлайн топшириш имконияти яратилади.

Шу билан бирга, битирувчилар тўғрисидаги маълумотларнинг шаффофлиги ва ҳаққонийлигини таъминлаш учун Адлия вазирлигининг Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш бўлимлари ҳамда Персоналлаштириш агентлигига интеграция қилинади.

Электрон шаҳодатномага QR-код тасвири туширилиб, уни исталган вақтда электрон платформа орқали текшириб олиш ёки шаҳодатнома йўқотиб қўйилган тақдирда дубликат олиш учун овора бўлмасдан шу заҳотиёқ электрон базадан қайта юклаб олиш мумкин бўлади.

Фото: ЎзА

Сўнгги хабарлар