Ўзбекистонда «Янги Тошкент» қурилиши бошланди

Фото:
TASHKENT. Kazinform – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Янги Тошкент» лойиҳасининг тамал тошини қўйиш маросимида нутқ сўзлади, дея хабар бермоқда Kazinform мухбири ЎР Президенти матбуот хизматига таяниб.

«Маълумки, бугунги кунда пойтахтимизда яшаётган ва ишлаётган аҳоли сони қарийб 5 миллионни ташкил қилади. Яқин йилларда бу кўрсаткич яна кўпайиши кутилмоқда. Бугунги куннинг ўзида шаҳарда йилига 20 мингдан зиёд квартирали кўп қаватли уйлар, 40 дан ортиқ мактаб, боғча, поликлиника қуришга талаб бор. Шунинг учун пойтахтимизнинг барқарор ривожланишини ўйлаб, камида 15-20 йил олдин режаларимизни аниқ белгилаб олишимиз зарур», - деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбари шу омилларни ҳисобга олган ҳолда, Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган бош режаси лойиҳаси Буюк Британия, Сингапур, Хитой ва Туркия мутахассисларини жалб қилган ҳолда ишлаб чиқилганини таъкидлади.

Режада Тошкент вилоятининг қўшни туманлари ҳисобидан пойтахт ҳудудини босқичма-босқич кенгайтириш, шунингдек, Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида «Янги Тошкент» лойиҳасини амалга ошириш мақсади кўзда тутилган.

«Ҳозирги Тошкент 43 минг гектар худудни эгаллайди. «Янги Тошкент» лойиҳаси доирасида қўшимча 20 минг гектарда 1 миллион аҳоли яшаши учун қулай шароит яратилади ва шунга мос инфратузилма билан таъминланади. Хусусан, биринчи босқичда 60 минг аҳолига мўлжалланган кўп қаватли уйлар, 30 та мактаб, 20 та болалар боғчаси, кўп тармоқли шифохона ва 5 та оилавий поликлиника барпо этилади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Унга кўра, «Янги Ўзбекистон» университети, Миллий кутубхонанинг янги бинолари, театр, санъат мактаблари, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳам шу ерда барпо этилади. Аста-секин давлат муассасалари ҳам «Янги Тошкент»га ўтади. Замонавий бинолар ўрнида меҳмонхоналар, хизмат кўрсатиш ва савдо объектлари очилиб, Тошкент замонавий сайёҳлик ва ишбилармонлик марказига айланади.

Президент мамлакатда биринчи марта замонавий шаҳарсозлик ва илмий услубларга асосланган смарт-технологиялар, жумладан, уй-жой, транспорт, иш ўринлари, маданият, спорт ва таълим муассасалари жорий этилишини таъкидлади.

Муаллиф: Мадибек Жанибеков

Сўнгги хабарлар