Ўзбекистонда Ҳукумати ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилди

None
None
TASHKENT. UzA - Kazinform – Тошкент шаҳрида 20 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар беради Kazinform ЎзАга ҳавола қилиб.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Мажлисда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарлари, Ўзбекистон ва чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов мажлисни очди.

Мажлисда Олий Мажлис Сенатини шакллантириш очиқлик ва транспарентлик каби демократик тамойиллар асосида миллий сайлов қонунчилиги талабларига мувофиқ амалга оширилгани таъкидланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг Сенат аъзолари сайлови бўйича қўшма мажлисларида 84 нафар сенатор сайланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 13 нафар Сенат аъзоси тайинланди.

Мажлис иштирокчилари Олий Мажлис юқори палатаси фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат Конституциясининг 93-моддасига мувофиқ, Олий Мажлис Сенати Раиси ва унинг ўринбосарлари лавозимларига номзодларни тақдим қилди.

Юқори палата аъзолари яширин овоз бериш йўли билан Олий Мажлис Сенати Раиси лавозимига Танзила Норбоевани сайлади.

Сенат Раисининг биринчи ўринбосари лавозимига яширин овоз бериш йўли билан Содиқ Сафоев сайланди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 86-моддасига мувофиқ Сенат Раисининг ўринбосарларидан бири Қорақалпоғистон Республикаси вакили бўлади. Ушбу нормага асосан Сенат Раисининг ўринбосари лавозимига яширин овоз бериш йўли билан Муса Ерниязов сайланди.

Сенат Раисининг ўринбосари лавозимига яширин овоз бериш йўли билан Зайниддин Низомхўжаев сайланди.

Мажлисда сенаторлар томонидан халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари, бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари, суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш, мудофаа ва хавфсизлик масалалари, фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари, ёшлар, маданият ва спорт масалалари, аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмиталари, шунингдек, Регламент ва одоб комиссияси ташкил этилди.

Ҳар бир қўмита ва комиссиянинг раиси, раис ўринбосари ва аъзолари сайланди.

Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Бош вазирнинг Вазирлар Маҳкамаси янги сайланган Олий Мажлис олдида ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилиши тўғрисидаги аризаси ўқиб эшиттирилди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи мажлиси ниҳоясига етди.

Сўнгги хабарлар