Ўзбекистонда саратон касаллигини 99 фоизга даволовчи дори воситаси ишлаб чиқилди — фейк

None
ТASHKENT. UzА. Kazinform – Ўзбекистонда саратон касаллигини 99 фоиз даволовчи дори воситаси ишлаб чиқилганлиги ҳақидаги хабар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ҳақда Kazinform UзАга таяниб хабар беради.

Интернетда «Ўзбекистон олимлари саратон касаллигини 99 фоизгача даволайдиган янги дори воситаси ишлаб чиқди» сарлавҳали мақолада 2022 йил июнь ойида Ўзбекистонда рўйхатга олинган ва ишлаб чиқаришга киритилган янги радиофарматцевтик векторли терапия воситаси ҳақида сўз боради.

Айтилишича, препаратнинг таркиби радиоизотоп «лутеций-177» ва унга бириктирилган простата мембранасининг «антиген-617» оқсил моддасидан иборат.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ушбу препарат АҚШ, Европа ва Осиёда простата ва нейроэндокрин ўсмаларини ташхислаш ва даволашда фақат радиофармацевтик восита сифатида қўлланилади.

– Хорижий тажрибадан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бу восита простата саратонининг 4-босқичида суяк метастазлари бўлган ҳоллардагина қўлланилади, – дейди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази бош врачи, тиббиёт фанлари доктори Дониёр Нишонов.

Унинг сўзларига кўра, бу дори вақтинчалик даволаш воситаси бўлиб, беморларнинг умрини узайтириш имконини беради. Бу дори Ўзбекистоннинг битта тиббиёт муассасасида атиги 3 нафар беморда қўлланган бўлиб, мутахассисларнинг фикрича, ўсма ўчоқлари (метастазлар) ва беморларнинг оғриғи сезиларли даражада камайган.

Қолаверса, ҳар қандай янги дорининг самарадорлиги тасдиқланмагунча, унинг самарадорлиги бўйича турли тадқиқотлар ва экспертизаларни ўтказиш, тегишли хулосалар чиқариш узоқ вақт талаб этади.

Агентлик маълумотларига кўра, ҳозирда барча саратон касалликларини тўлиқ даволайдиган универсал дори воситаси йўқ.

Сўнгги хабарлар