Ўзбекистонда «Rally Muynak» автопойгаси ўтказилади

Фото: Фото: UzA
TASHKENT. UzA-Kazinform – Жорий йил 25-28 май кунлари Қорақалпоғистон Республикаси (Ўзбекистон) Мўйноқ туманида «Rally Muynak» халқаро экстремал автомобиль мусобақаси бўлиб ўтади, дея хабар беради Kazinform UzA агентлигига таяниб.

Мусобақада 40 та автомобиль, 20 дан ортиқ мотоцикл ва 10 та баггида 150 га яқин спортчи иштирок этиши кутиляпти.

Анъанавий мусобақа илк бор тўрт кун давом этади. Автопойгачилар, сайёҳлар ва томошабинлар учун сермазмун дастур ишлаб чиқилган. Кундуз кунлари автомобиль, багги ва мотоциклларда экстремал мусобақалар, гастрономик маҳорат дарслари, кечқурунлари эса машҳур диджейлар ижросида электрон мусиқа концертлари бўлиб ўтади.

Пойга йўлининг умумий узунлиги 425 километрни ташкил қилади. Пойгачилар Устюрт текислигининг қуриб битказилмаган йўлларини кесиб ўтишлари ва Орол денгизининг қуриган туби бўйлаб ҳаракатланишлари лозим бўлади. Мотокросс ва автокросс мусобақалари махсус трассада ўтказилади. Мусобақада двигатель ҳажми 1600 ва 2000 см3 бўлган махсус жиҳозланган спорт машиналари, мотор ҳажми 1600 см3 бўлган баггилар ва двигатель ҳажми 125 дан 500 см3 гача бўлган мотоцикллар иштирок этишига рухсат берилган.

28 май куни «Rally Muynak» пойгасининг тантанали ёпилиши ва ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.

Сўнгги хабарлар