Ўзбекистонда «International Travel Bazaar-2023» форуми бўлиб ўтади

Фото:
TASHKENT. UzA-Kazinform - Жорий йил 10-11 февраль кунлари Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги кўмагида «Travel Bazaar-2023» форуми бўлиб ўтади, деб хабар беради Kazinform ЎзАга таяниб.

Мазкур туризм анжумани Марказий Осиёда саёҳат тажрибасини шакллантирувчи, туризм хизмати таклиф этувчилар учун муҳим тадбир бўлиб, ривожланиш, ҳамкорлик ва янги ечимлар излаш учун яратилган қулай платформадир.

Тадбирда 200 дан ортиқ меҳмон – туроператор ва гидлар, реставраторлар, меҳмонхоначилар ва соҳага ихтисослашган корхоналар, ижодий индустрия ва давлат сектори вакиллари реал ҳолат, қийинчилик, саёҳат тенденцияси ҳақида батафсил маълумотга эга бўлиб, ўзаро фикр алмашадилар.

Икки кун давомида 9 давлатдан қирққа яқин маърузачи ўз билимини бутун Марказий Осиёдан йиғилган ҳамкасблари билан ўртоқлашади.

Анжуман доирасида Ўзбекистон, Исроил, АҚШ, Германия, Қирғизистон, Қозоғистон ва Россиянинг таниқли амалиётчи ва соҳа етакчилари томонидан ижтимоий тармоқда шахсий бренд яратиш бўйича семинар, ресторан хизмати ва маҳорат дарси ўтказилади.

Шунингдек, форумда кўргазма ва гастрономик ҳудуд, B2B учрашувлар ва инновацион туризм маҳсулотлари тақдимоти ҳам режалаштирилган.

Фото: ЎзА


Сўнгги хабарлар