Ўзбекистонда II «Буюк ипак йўли» халқаро фольклор мусиқа фестиваль ғолиблари аниқланди

None
Фото: ЎзА
TASHKENT. UzA-Kazinform - Кўҳна ва навқирон Марғилон шаҳри уч кун давомида II «Буюк ипак йўли» халқаро фольклор мусиқа фестивалига мезбонлик қилди. Ўзбекистондаги ҳамда Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон давлатларидан иштирок этган жамоалар ўзларининг фольклор санъатини намойиш этиб, дилларга ўзгача шукуҳ улашди, деб хабар беради Kazinform UzAга таяниб.

Эркин Воҳидов номидаги ижодкорлар боғида фестивалга бағишланган тантанали тадбир ташкил этилди. Фестиваль якунига кўра, фольклор чолғу ижрочилиги номинацияси бўйича 1-ўрин Қозоғистон Республикасининг «Саялы Сарыағаш» фольклор-этнографик жамоасига насиб этди. Тошкент шаҳар «Нодирабегим» фольклор-этнографик жамоаси 2-ўринни, Қирғизистон Республикаси Қадамжой тумани маданият уйи фольклор ансамбли 3-ўринни қўлга киритди.

Фольклор қўшиқ ижрочилиги номинацияси бўйича Фарғона вилояти вакиллари ғолиб бўлиб, Марғилон шаҳар «Чодир-жамол» фольклор-этнографик халқ жамоаси 1-ўрин билан тақдирланди. Жиззах вилояти Зарбдор тумани «Ойпари» фольклор-этнографик халқ жамоаси 2-ўринга муносиб кўрилган бўлса, Тожикистон Республикаси «Бибиҳо» фольклор-этнографик ансамбли 3-ўринни қўлга киритди.

Фольклор рақс ижрочилиги номинацияси бўйича Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани «Жўралар» фольклор-этнографик халқ жамоаси эса 1-ўринни қўлга киритди. Бухоро тумани «Мавжи Бухоро» фольклор-этнографик халқ жамоаси 2-ўринни, Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани «Апсана» фольклор-этнографик жамоаси 3-ўринни эгаллади.

Ғолибларга пул мукофотлари, фестиваль статуэткалари ҳамда дипломлар топширилди.

Эл севган хонандалар, таниқли ашула ва рақс ансамбллари томонидан тайёрланган концерт дастури йиғилганларга кўтаринкилик улашди.


Сўнгги хабарлар