Ўзбекистонда халқаро стандартни жорий қилиш ва сертификатни олиши учун 30 минг доллар молиявий ёрдам кўрсатилади

None
TASHKENT. Kazinform - Ўзбекистон Президентининг 30 сентябрда «Тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ 2022 йил 1 ноябрдан бир экспорт шартномаси доирасида келиб тушмаган валюта суммаси экспортга юкланган жами маҳсулот нархининг 5 фоизидан ошмаган тақдирда муддати ўтган дебитор қарздорлик ҳисобланмайди ва тадбиркорга нисбатан жарима қўлланилмайди. Бу ҳақда Kazinform UzAга таяниб хабар беради.

Маълум қилинишича, экспорт ташкилотларига фойда ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ базасини камайтириш шаклидаги имтиёзлар товарларни реализация қилишдан тушган умумий тушумдаги экспорт ҳажмининг улушидан қатъи назар қўлланилади.

Қовун, канакунжут, хантал ва махсар уруғлари экспортига рухсат берилади. Экспортчи корхоналарни очиқ танлов орқали саралаб, уларни етакчи экспортёрларга айлантириш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича «Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти» дастури амалга оширилади.

Дастурга киритилган экспортчи корхоналарга Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан экспортолди ва экспорт билан боғлиқ савдо операцияларини молиялаштириши учун охирги 12 ойдаги экспорт ҳажмидан келиб чиқиб, молиявий ёрдамлар кўрсатилади.

Экспорт ҳажми 1 миллион доллардан 5 миллион долларгача бўлганда – 1 миллион долларгача, экспорт ҳажми 5 миллион доллардан 10 миллион долларгача бўлганда – 2 миллион долларгача молиявий ёрдамлар кўрсатилади.

Шунингдек, экспорт ҳажми 10 миллион доллардан 15 миллион долларгача бўлганда – 3 миллион долларгача, экспорт ҳажми 15 миллион доллардан 20 миллион долларгача бўлганда – 4 миллион долларгача экспорт ҳажми 20 миллион доллардан ортиқ бўлганда – 5 миллион долларгача молиявий ёрдамлар кўрсатилади.

Қолаверса, битта халқаро стандартни жорий қилиш ва сертификатни олиши учун уларга 30 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда молиявий ёрдамлар кўрсатилади.


Фото: UzA


Сўнгги хабарлар