Ўзбекистонда «Абай Қўнонбоевнинг мероси кунлари» ўтказилади

None
TASHKENT. Kazinform – 5-10 декабрь кунлари Ўзбекистонда қозоқ халқининг атоқли намоёндаси «Абай Қўнонбоевнинг мероси кунлари» ўтказилади, деб хабар беради Kazinform ЎР Туризм ва маданий мерос вазирлигига таяниб.

ЎР Туризм ва маданий мерос вазирлиги маълумотларига кўра, «Абай Қўнонбоевнинг мероси кунлари» доирасида бир қатор тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Хусусан, адиб ижодига бағишланган кўргазма ташкил этиш (Семей шаҳридаги «Жидебай-Борили» давлат тарихий-маданий ва адабий ёдгорлик музей-қўриқхонаси билан биргаликда) кўзда тутилган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг ўрта ва олий ўқув муассасаларида икки давлатнинг таниқли шоир, ёзувчи ва олимлари иштирокида Абай ҳаёти ва ижодига бағишланган ижодий кеча, Миллий академик драма театрида «Абай» спектакли намойиши, олий ўқув юртларининг гуманитар факультетларида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари иштирокида Абай ижодига бағишланган маърузалар ўтказилади. Бундан ташқари, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Тошкент давлат шарқшунослик университети билан биргаликда «Абай фалсафаси ва Марказий Осиё мутафаккирлари» мавзусида илмий-амалий семинар ташкил этилади. Қолаверса, тадбирдан «XIX асрда ўзбек ва қозоқ мутафаккирларининг умумий тарихий-маданий мероси ва дунёқарашини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш» мавзусидаги илмий конференция, Абай ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳужжатли фильм намойиши ҳам ўрин олган.

Шу билан бирга, тадбир доирасида Тошкент, Навоий, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида Абай ижодига бағишланган маданий-ижодий кечалар ташкил этилади.

«Абай Қўнонбоевнинг мероси кунлари» тадбирини ўтказишдан мақсад Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш ҳамда Қозоғистон президентининг Тошкентга бўлажак давлат ташрифи дастурини мазмунан бойитишдир.

Тадбир ЎР Туризм ва маданий мерос вазирлиги, ЎР Маданият вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Бадиий академия, Фанлар Академияси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Кинематография агентлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Миллий телерадиокомпания ва Марказий Осиё халқаро институти томонидан ташкил этилмоқда.

Сўнгги хабарлар