Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми йил бошидан буён 1 миллиард доллардан ошди - ҚР Бош вазири
16 Май 23:47

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми йил бошидан буён 1 миллиард доллардан ошди - ҚР Бош вазири

NUR-SULTAN. Kazinform - Қозоғистон Бош вазири Алихан Смаилов Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов билан видеоконференция шаклида музокаралар ўтказди, дея хабар беради Kazinform Ҳукумат расмий сайтига таяниб.

Бош вазирлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, саноат, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва таълим соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилдилар.

«Ўзбекистон қардош ва қўшни давлат, вақт синовидан ўтган дўст ва узоқ муддатли стратегик шерикдир. Бизнинг асосий мақсадимиз икки давлат Президентлари томонидан белгилаб берилган вазифаларни тўлиқ амалга ошириш ва Қозоғистон-Ўзбекистон ҳамкорлигини янги босқичга кўтаришдир», — деди Алихан Смаилов.

Бош вазир, шунингдек, Жамбил вилоятида содир бўлган автоҳалокатда ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқароларининг қариндошлари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди.

Ўз навбатида Абдулла Арипов Қозоғистондаги ҳамкасбларига жабрланганларга тез ёрдам кўрсатгани ва барча зарур қўллаб-қувватлаш чораларини ташкил этгани учун миннатдорчилик билдирди.

Мулоқот чоғида 2021 йил якунларига кўра икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 33 фоизга (4,3 миллиард доллар) ошгани қайд этилди. 2022 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, ижобий тенденция ҳам кузатилмоқда – товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард доллардан ошди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27,2 фоизга кўпдир. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш бўйича кейинги беш йилга мўлжалланган 41 та чора-тадбирлардан иборат амалий ҳаракатлар режаси қабул қилинди. Шу муносабат билан томонлар савдодаги тўсиқларни олиб ташлаш ва янги тўсиқларнинг олдини олиш зарурлигини таъкидладилар.

Қозоғистонда «Йўл харитаси» лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Ушбу ҳужжат асосий муаммоларни ҳал қилиш учун махсус ишлаш имконини беради.

Айни пайтда умумий қиймати қарийб 1 миллиард 786 миллион долларлик тўққизта йирик қўшма лойиҳа амалга оширилаётган саноат кооперацияси соҳасида ҳам ижобий тенденция кузатилмоқда.


– Ўзбекистон компаниялари билан яқин ҳамкорлик қилаётганимиздан хурсандмиз, – деди Алихан Смаилов.

Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик борасида Қозоғистон компаниялари Ўзбекистонга гўшт ва сут маҳсулотлари, балиқ ва балиқ маҳсулотларини экспорт қилишдан манфаатдор экани таъкидланди.

Аввалроқ Ўзбекистон томонига Қозоғистоннинг 113 компаниясини мамлакатга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилиш ҳуқуқига эга бўлган компаниялар реестрига киритиш учун барча зарур материаллар юборилган эди. Озиқ-овқат инфляциясини жиловлаш учун Қозоғистон ва Ўзбекистон савдо тизимларини мувофиқлаштиришни фаоллаштириш зарурлиги қайд этилди.

Бош вазирлар икки давлат олий ўқув муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик масалаларини ҳам муҳокама қилдилар. Ўзбекистон ёшларининг Қозоғистон таълимига доимий қизиқишини инобатга олиб, Тошкентда Ал-Форобий номидаги Қозоқ Миллий университети, Л. Н. Гумилёв номидаги ЕМУ ва М. Ауезов номидаги Жанубий Қозоғистон университетининг филиалларини очиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Суҳбат чоғида сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди. Яқин вақт ичида Сирдарёнинг ўрта оқимини, жумладан, Дўстлик каналининг Қозоғистон қисмини ҳам таъминлайдиган «Баҳри Тожик» сув омборининг вегетация даврида ишлаш режими бўйича уч томонлама келишувга эришиш режалаштирилган.

Муҳокамаларни якунлар экан, Қозоғистон ва Ўзбекистон Бош вазирлари биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқали икки томонлама ҳамкорликка қўшимча туртки бериш учун белгиланган барча лойиҳалар устида ишлашни давом эттиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар.


Янгиликлар

Архив