Ўзбекистон ҳукумати фуқароларга тиббий ниқоб тақишни тавсия қилмоқда
30 Июнь 15:39

Ўзбекистон ҳукумати фуқароларга тиббий ниқоб тақишни тавсия қилмоқда

ТASHKENT. Кazinform - Ўзбекистон ҳукумати ҳали мажбурий ниқоблар режимини жорий этиш бўйича қарор қабул қилгани йўқ, бироқ соғлиқ ва хавфсизлик учун тиббий ниқоб тақишни тавсия қилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиология осойишталиги ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш хизмати эпидемиологик мониторинг бошқармаси бошлиғи Рустам Икромов маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

Унинг таъкидлашича, статистик маълумотларга кўра, касалланиш сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Коронавирус пандемиясига қарши чора-тадбирларни давом эттириш ва мутацияга учраган коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

«Ҳозирча жамоат жойларида тиббий ниқоб тақиш мажбурияти бўйича Республика махсус комиссиясининг қарори қабул қилинмаган, бироқ соғлиқ ва хавфсизлик учун тиббий ниқоб тақишни тавсия қиламиз», — деди Рустам Икромов.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда республикада «омикрон» штамми тарқалмоқда.

«Касалланганларнинг 90 фоизи эмланмаган фуқаролардир. Қолган 10 фоизи иммунитети заиф фуқаролар ёки 1 йилдан ортиқ эмланган шахслар, шунингдек, ҳомиладор аёллар ва болалардир. Ҳозирда республикамизда рўйхатдан ўтган барча вакциналар ўз самарасини кўрсатмоқда ва бу борада мамлакатимизда ушбу вакциналардан фойдаланиш давом эттирилади», — дея таъкидлади мутахассис.

Аввалроқ Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланиш даражаси ошгани ҳақида хабар берилган эди. Тошкентда коронавирусга чалинганлар сони ортиб бораётгани муносабати билан COVID поликлиникалари ўз фаолиятини тиклади.

Муаллиф: Мадибек Жанибеков


Ўхшаш янгиликлар

Янгиликлар

Архив