Ўзбекистон терма жамоасини ФИФА рейтингида ТОП-50га киритиш вазифаси юклатилди

None
None
TASHKENT - NUR-SULTAN. Kazinform – Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёевнинг Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида фармони қабул қилинди, деб хабар беради Kazinform ЎзАга ҳавола қилиб.

Ҳужжатда айтилишича, Ўзбекистонда юқори иқтидорга эга бўлган ёш футболчиларни танлаш, селекция тизими ва футбол инфратузилмасини янада ривожлантириш, футбол бўйича спорт мактаблари фаолиятини янги босқичга кўтариш, соҳа мутахассисларини тайёрлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тизимини яхшилаш, ўтказилаётган мусобақалар савиясини юксалтириш каби масалалар долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.

Шулардан келиб чиқиб, Фармонда болалар ва ўсмирларнинг футбол билан шуғулланишга қизиқишини ошириш, ҳаваскор футболни оммавийлаштириш, бу борада таълим муассасалари, маҳалла ва ташкилотларда футбол мусобақаларини мунтазам ташкил этиш, селекция тизимини тубдан такомиллаштириш, футболчилар экспортини йўлга қўйиш, футболга хусусий инвестицияларни жалб этиш, футбол мусобақалари томошабоплигини ошириш, малакали мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, футбол соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, футбол инфратузилмасини моддий-техник жиҳатдан янада яхшилаш ҳамда халқаро талабларга мослаштириш кабилар Ўзбекистонда профессионал футболни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари сифатида белгиланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда футболни 2030 йилгача ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари доирасида умумий аҳолига нисбатан футбол билан мунтазам шуғулланувчилар сонини камида 5 фоизгача етказиш, ФИФА рейтингида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг кучли 50 таликка киришига эришиш вазифалари юклатилди.

Таъкидлаш жоизки, яқин келажакда Ўзбекистонда букмекер идоралари кенг фаолият олиб бориши мумкин. Жумладан, ЎР Капитал бозорини ривожлантириш агентлигига бошқа манфаатдор давлат идоралари билан биргаликда 2020 йил 1 июнга қадар букмекерлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Сўнгги хабарлар