Ўзбекистон минтақадаги авиапарвозлар бозорини Қозоғистонга бой бериши мумкин

None
None
TASHKENT. Kazinform – Ўзбекистон самолётлар паркини кенгайтирмаса, минтақадаги авиапарвозлар бозорини Қозоғистонга бой бериши мумкин. Бу ҳақда Тошкентда бўлиб ўтган Uzbekistan Airports, Aviation & Logistics Forum» (UAALF-2020) халқаро авиация форумида ЎР бош вазир ўринбосари Азиз Абдухакимов маълум қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«Ўзбекистон аҳолиси 34 млн одамни ташкил қилади, Қозоғистонда эса 18 млн одам истиқомат қилади. Аммо, ҳозирда Қозоғистонда 100-дан зиёд самолёт бор, бизда эса – 29. Биз 5 та самолётга буюртма берсак, Қозоғистон 58 та самолётга буюртма берган. Яъни, яқин йилларда уларда 160 та самолёт бўлади. Шунинг учун биз шу ҳақда ўйлашимиз керак. Агар самолётлар сонини кўпайтирмасак, бозорни бой берамиз», - деди А.Абдухакимов.

Форумнинг яна бир иштирокчиси – Ўзбекистон Республикаси бош вазир ўринбосари, транспорт соҳасига масъул Элёр Ғаниевнинг айтишича, Ўзбекистон «Humo Air» янги авиакомпанияси учун самолётлар сотиб олишни режалаштирмоқда. У Ўзбекистон ва Марказий Осиёда йўловчилар ташиш билан шуғулланади. Ушбу авиакомпанияни жиҳозлаш учун янги самолётларни, жумладан, Россия ва Бразилиянинг «Sukhoi» ва «Embraer» самолётларини сотиб олиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Шунингдек, туризм соҳасини ривожлантириш ва бизнес-хизмат кўрсатиш учун «Uzbekistan Helicopters» компанияси етказиб берувчилар билан ғарб андозалари асосида ишлаб чиқарилган вертолётларни сотиб олиш масаласини муҳокама қилмоқчи.

Муаллиф: Мирас Қуандиқов

Сўнгги хабарлар