ЎзАга янги мақсад ва вазифалар юклатилди

None
None
ТОШКЕНТ. Kazinform – Аҳолининг барча қатламларига ҳамда дунё ҳамжамиятига холис хабарларни тезкорлик билан ва сифатли етказиш мақсадида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА)га янги вазифалар юклатилди, деб хабар беради «Kazinform» ХАА махсус мухбири.

ЎР Президенти 2 декабрь куни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолади.

Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари, расмий баёнотлари ва маърузаларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва Ҳукуматининг қарорлари ва уларнинг фаолиятига оид ахборотларни мунтазам ёритиб бориш, республиканинг ички ва ташқи сиёсатини, мамлакатда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотларни, жамиятда кечаётган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ўзгаришлар ва янгиланишларни тезкор ёритиш кабилар ЎзАнинг устувор вазифалари сифатида белгиланди.

Бундан ташқари, жамоатчиликнинг катта қизиқишини уйғотаётган воқеаларнинг моҳияти бўйича фуқароларда холис фикрни шакллантириш ҳамда маълумотлардан бузғунчи ва бошқа ғайриқонуний мақсадларда фойдаланиш имкониятини бартараф этиш учун аҳолини бундай ҳодисалар ҳақида ўз вақтида хабардор қилиб боришга ҳам эндиликда катта аҳамият берилади.

Шунингдек, ЎзА бошқа оммавий ахборот воситалари, жисмоний ва юридик шахслар фойдаланиши учун Ўзбекистоннинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, тарихий ва маданий ривожланишига оид маълумотлар (ахборот, фото ва видео материаллар) базасини шакллантириш билан шуғулланадиган бўлди.

Ўзбекистонда юз бераётган ўзгаришларни дунёга кенг тарқатиш, жаҳонда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида мамлакат аҳолисига тезкор ахборот етказиб бериш, хориждаги ахборот агентликлари ва бошқа оммавий ахборот воситалари, медиа-тузилмалар билан ҳамкорликни ривожлантириш каби вазифаларга ҳам алоҳида урғу берилади.

Яна бир янгилик, ЎзА таркибида Медиа марказ ҳамда Маслаҳат кенгаши ташкил қилинади. Марказ ахборот-таҳлилий ва мультимедиа материаллар, эшиттириш ва кўрсатувлар, воқеа жойидан онлайн репортажлар тайёрлаш, аудио ва видео материалларни қайта ишлаш, уларни ЎзАнинг веб-сайтига жойлаштириш ва оммавий ахборот воситаларига белгиланган тартибда етказиб бериш, ислоҳотлар ва янгиланишлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш билан шуғулланади.

Маслаҳат кенгашига эса ЎзА фаолияти ҳамда агентликнинг ахборот маконидаги ўрни ва ролини кучайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, ЎзАнинг ривожланиш даражасини ўрганиш, методик тавсиялар бериш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан, ОАВ билан ўзаро ҳамкорлик қилиш режаларини белгилаш, халқаро ва хорижий ахборот агентликлари, ОАВ билан ҳамкорлик қилишга кўмаклашиш вазифалари юклатилди.

Агентликнинг самарали фаолият олиб боришига айрим давлат идоралари кўмаклашади. Жумладан, ЎР Ташқи ишлар вазирлиги ЎзАга жаҳондаги етакчи ахборот агентликлари ва халқаро ахборот агентликлари уюшмалари билан ахборот алмашиш бўйича ҳамкорлик ўрнатишда амалий ёрдам кўрсатиши белгиланди.

Элатиб ўтамиз, ЎР Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) расмий ахборот тарқатадиган давлат манбаси ҳамда Ўзбекистоннинг етакчи ахборот агентлигидир. Агентлик тарихи 1918 йилдан бошланади. Аввалига Тошкентда очилган РосТА бўлинмаси кейинчалик ТАСС тизимидаги ЎзТАГ республика телеграф ахборот агентлигига айлантирилди. 1992 йилнинг 5 фавралида у президент фармони билан Ўзбекистоннинг Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) сифатида қайта ташкил қилиниб, мустақил агентликка айланди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда Қозоғистон йили доирасида жорий йил апрелида ЎзА сайтининг қозоқ тилидаги саҳифаси очилди.

Муаллиф: Мирас Қуандиқов

Сўнгги хабарлар