Йил бошидан бери 50 та давлатда маймун чечаги юқтириш ҳолатлари қайд этилган
28 Июнь 10:14

Йил бошидан бери 50 та давлатда маймун чечаги юқтириш ҳолатлари қайд этилган

NUR-SULTAN. Kazinform – Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) 2022 йил бошидан бери дунёнинг 50 та давлатида 3413 киши маймун чечаги инфекциясини юқтиргани ва бир киши вафот этгани ҳақида маълум қилди, деб хабар беради Kazinform ТАСС агентлигига таяниб.

«2022 йилнинг 1 январидан 22 июнига қадар ЖССТ ташкилотнинг бешта ҳудудида жойлашган 50 та мамлакат ва ҳудудларда маймун чечаги инфекциясини юқтирган 3413 та ҳолат аниқланди ва бир киши касалликдан вафот этди», - дейилади ташкилот хабарида.

Аввалги ахборот бюллетени 17 июн куни чоп этилганидан бери саккиз мамлакатда 1310 та янги ҳолат қайд этилган.

Маймун чечаги касаллигининг энг кўп тарқалиши (жами ҳолатларнинг 86%и) Европа минтақасида қайд этилган. Ундан кейинги ўринларда Америка (11%), Африка (2%), Шарқий Ўртаер денгизи (1% дан кам) ва Осиё-Тинч океани (1% дан кам) минтақалари жойлашган.

Мамлакатлар орасида энг кўп касаллик Буюк Британияда қайд этилган бўлиб, у ерда 793 киши маймун чечаги билан касалланган. Шунингдек, Германия (521), Испания (520), Португалия (317), Франция (277), Нидерландия (167) ва АҚШда (142) ҳам кўплаб ҳолатлар қайд этилган. Қолган 43 та мамлакат ва ҳудудларда касалланиш сони 100 тадан ошмайди. Ҳозирча вирусдан ўлим ҳолати фақат Нигерияда қайд этилган.

ЖССТ эпидемиологик вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда. Ташкилот касалликнинг глобал хавфини ўртача деб баҳоламоқда. Ташкилотнинг маймун чечаги бўйича қўмитаси 23 июн куни Женевада бўлиб ўтган йиғилишда эпидемия халқаро аҳамиятга молик фавқулодда ҳолат эмас, деган хулосага келди.

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликлар

Архив