Январ-октябр ойларида ташқи савдо айланмаси 111 млрд долларни ташкил этди - Ҳукумат

None
ASTANA. Kazinform – Январ-октябр ойларида ташқи савдо айланмаси 111 млрд долларни ташкил этди. Бу ҳақда ҚР Ҳукуматининг кенгайтирилган йиғилишида Бош вазир Алихан Смаилов маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

«Халқаро ишлаб чиқариш, транспорт ва логистика алоқаларининг узилиши жаҳон иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатмоқда. Кўпгина мамлакатларда инфляциянинг рекорд даражаси шаклланмоқда. Жаҳон иқтисодий ўсиш суръати секинлашмоқда. Қозоғистонда январ-ноябр ойларида иқтисодиётнинг ўсиш суръати 2,7 фоизни ташкил этди. Қишлоқ хўжалиги, ахборот ва алоқа, қурилиш, ишлаб чиқариш, савдо, транспорт ва омборхона соҳаларида 4 фоиздан ортиқ ўсиш кузатилмоқда. Иқтисодий ўсиш суръатларининг секинлашиши нефт ва тоғ-кон саноатининг пасайиши билан боғлиқ. Жорий йилнинг январ-октябр ойларида ташқи савдо айланмаси 34 фоизга ошиб, 111 млрд долларни ташкил этди. Экспорт 45 фоизга, жумладан, ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспорти 35 фоизга ошди. Савдо айланмасининг ижобий сальдоси 2 баробарга ошиб, 31 млрд долларни ташкил этди», – деди Ҳукумат раҳбари.

Унинг қайд этишича, асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми 6,6 фоизга ошган. Иқтисодиётнинг асосий тармоқларига инвестициялар оқими таълим, савдо, транспорт ва қурилиш, логистика, қишлоқ хўжалиги, саноат соҳаларида сезиларли даражада ошди.

«Ноябр ойида йиллик инфляция 19,6 фоизни ташкил этди. Унинг асосий омиллари – геосиёсий кескинликнинг кучайиши, жаҳон нархларининг рекорд даражада ошиши, Россия рублининг мустаҳкамланиши, логистика таъминотининг узилиши ва қўшни давлатларга айрим товарлар экспортига вақтинчалик чекловлар жорий этилиши. Ҳукумат инфляцияни назорат қилиш ва камайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Унинг доирасида зудлик билан ва ўрта муддатли тадбирлар кўзда тутилган. Улар ички бозорда маҳаллий товарлар улушини ошириш, товарларни сақлаш ва ташиш механизмларини ишлаб чиқиш, нархларни назорат қилиш, монополияга қарши ва ташқи савдони тартибга солишга қаратилган», - деди Алихан Смаилов.

Муаллиф: Марлан Жиембай


Сўнгги хабарлар