Янги формат: Бу йил Наврўз байрами тўққиз кун нишонланади

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – «Наурыз шапағаты» концепциясига кўра, бу йил Қозоғистонда Наврўз байрами тўққиз кун давомида нишонланади ва ҳар бир куннинг ўзига хос номи ва маъноси бўлади. Бу ҳақда «Рухани жаңғыру» жамиятни ривожлантириш институти қошидаги Рухани жаңғыру маркази бошлиғи Жанар Буканова маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

«Наурыз шапағаты» концепцияси оилавий қадриятларни мустаҳкамлашга, халқларнинг бирлиги ва ҳамжиҳатлигини сақлашга, хайрия ва кўнгиллилар ҳаракатини ривожлантиришга қаратилган. Биринчи кун - 14 март - Кўришиш куни деб номланади. Бу илиқ кунлар келиши билан боғлиқ жуда самимий байрамдир. Қадимда боболаримиз бир-бирларини баҳор келиши билан табриклаган, кексаларга ҳурмат кўрсатилган. Бу куни одамлар бир-бирларига яхши тилаклар айтадилар. Иккинчи кун - 15 март – Шажара куни, яъни оилавий қадриятларни ривожлантириш, одамларнинг насл-насабини билиб юриши назарда тутилади. Бу куни ота-онамизга, ота-боболаримизга ҳурмат кўрсатамиз», - дея тушунтирди Ж.Буканова.

Кейинги кун - Яйлов куни. Шу куни дарахт экиш, паркларни тозалаш ва жамоат жойларини ободонлаштириш ишлари оммавий тарзда давом эттирилади.

17 март - тўртинчи кун - яхши ва хайрли ишларга чорловчи Эзгулик куни.

«18 март – Уста-ҳунармандлар куни бўлиб, унда ҳунармандларимиз махсус ташкил этилган ярмарка ва кўргазмаларда ўз маҳсулотларини намойиш эта олади. 19 март – Зукколар куни. Шу куни мақол-маталлар, достонлар айтиш бўйича турли танловлар ўтказилади», - деди Жанар Буканова.

20 март Йўралғи куни деб номланади. Одамлар шу куни унутиб борилаётган урф-одатлар ва анъаналаримизнинг моҳияти ва аҳамиятини тушуниб олишлари мумкин. 21 март куни Миллий таомлар куни нишонланади. Қозоқ миллий таомларининг 200дан ортиқ турлари мавжуд, уларни кўпчилик билмайди. 22 март – Оммавий сайллар куни. Шу куни мусиқий тадбирлар, рақс гуруҳлари ўзларининг концерт дастурларини тақдим этадилар.

«Байрам кунлари анъанавий миллий кийимлар ва заргарлик буюмларини кийиш тавсия этилади», - дея қўшимча қилди «Рухани жаңғыру» маркази раҳбари.

Муаллиф: Арайлим Мурат


Сўнгги хабарлар