Яқин 5-10 йилда Қозоғистонда 240га яқин касблар пайдо бўлиши мумкин

Фото: None
NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистонда яқин 5-10 йил ичида иқтисодиётнинг 9 та тармоғида 239 та янги касблар пайдо бўлиши кутилмоқда, деб хабар беради Kazinform.

Бу ҳақда ҚР Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирининг биринчи ўринбосари Ақмади Сарбасов Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган «Марказий Осиёда иқтисодий ривожланиш йўлидаги самарали бошқарув» мавзусидаги халқаро анжуман давомида маълум қилди.

«Булутли технологиялар, сунъий интеллект, робототехника ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Натижада меҳнат бозорига янги мутахассисликлар кириб келмоқда. Кейинги 5-10 йил ичида Қозоғистонда иқтисодиётнинг 9 та тармоғида 239 та янги касб пайдо бўлиши кутилмоқда, 95 та касб трансформацияга учрамоқда. Шу билан бирга, мамлакатдаги иш жойларининг 52 фоизи автоматлаштирилиш эҳтимоли юқори. Ҳар иккинчи ходим қайта тайёрлашдан ўтиши керак. Янги кўникмаларни ўрганиш муваффақият калитидир. Шунинг учун тез ва мослашувчан машғулотларга шароит яратиш муҳимдир», - деди Ақмади Сарбасов.

Унинг таъкидлашича, яқин келажакда ишчи кучи сифати ўзгариши ва меҳнатга лаёқатли ёшлар оқими кўпайиши мумкин, бу эса меҳнат бозорига қўшимча юклама бўлади.

«2030 йилга бориб Қозоғистондаги ишчи кучининг 37 фоизини Z авлоди вакиллари ташкил қилади. Авлодлар алмашинуви эса ёшларнинг меҳнатга муносабатини ўзгартириш билан бирга келади. Бу мослашувчан иш жадвали учун молиявий имтиёзларга боришга тайёр авлоддир, улар учун профессионал ва шахсий ҳаёт ўртасидаги мувозанат муҳим аҳамиятга эга. Шу сабабли, иш берувчилар истеъдодларни сақлаб қолиш учун янги талабларга мослашишига тўғри келади«, - деди у.

Сўнгги хабарлар