Йўл ҳаракати: Қозоғистонда доимий қоидабузарлар мобил илова орқали аниқланади
30 Май 14:00

Йўл ҳаракати: Қозоғистонда доимий қоидабузарлар мобил илова орқали аниқланади

NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистонда йўл ҳаракати қоидаларини доимий равишда бузадиган ҳайдовчилар мобил илова ёрдамида аниқланади. Бу ҳақда Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Шуғила Турлибек маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

«Йўл ҳаракатини автоматик бошқариш самарадорлигини ошириш мақсадида Ички ишлар вазири топшириғига биноан «Қорғау – қауіпті жүргізуші» («Ҳимоя – хавфли ҳайдовчи») мобил иловаси ишлаб чиқилди. У «Сергек» тизими камералари ва Ички ишлар вазирлигининг тезкор бошқарув марказлари имкониятларини ўзида мужассам этган. Мобил илова орқали олинган маълумотлар дарҳол полиция ходимларининг планшетларига жўнатилади. Бу реал вақт режимида йўл ҳаракати қоидаларини бузган автомобилларни аниқлаш имконини беради», - деди Шуғила Турлибек.

Унинг сўзларига кўра, ушбу илова ёрдамида қалбаки давлат рақамлари бўлган автомобиллар, техник кўрикдан ўтмаган ва суғурта полиси бўлмаган транспорт воситалари эгаларини ҳам аниқлаш мумкин.

Маъмурий жарима тўламайдиган автомобил эгаларини ҳам топишингиз мумкин.

«Полиция ходими 10 дақиқа ичида тизим орқали 2 марта ва ундан ортиқ қоида бузган «хавфли ҳайдовчи» ҳақида маълумот олади ва зудлик билан чора кўради. Мобил илова жорий йилнинг 19 апрелида Чимкентда, 25 апрел куни Алмати ва Нур-Султанда ишга туширилган. Мазкур шаҳарларда тизим ишга тушганидан буён йўл ҳаракати соҳасида 26 мингдан ортиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланган. Бундан ташқари, 1078 та автомобил қўлга олиниб, тўхташ жойига олиб кетилди», — деди у.

Вазирлик вакили янгилик ҳозирда Ўскемен ва Атирауда жорий этилаётганини қайд этди.

«Масалан, Нур-Султанда Россия давлат рақами билан юрган ВАЗ 2114 русумли автомашина қўлга олинди ва унга 4 миллион тенгедан ортиқ жарима солинди. Чимкентда 1041 та хорижда рўйхатдан ўтган автомобиллар тўхтатилиб, улар 4033 марта йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги аниқланди», - дейди Ш.Турлибек.

Муаллиф: Али Ибраев

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликлар

Архив