Венгриядаги етакчи қишлоқ хўжалиги университети Қозоғистонда филиал очишдан манфаатдор

None
BUDAPESHT. Kazinform – Қозоғистон элчиси Жанибек Абдрашов Венгрия қишлоқ хўжалиги ва табиий фанлар университети (Гёдёллё ш.) ректори, профессор Чаба Дьюрица билан учрашди. Бу ҳақда Kazinform ҚР Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига таяниб хабар беради.

Суҳбатдошлар икки томонлама ҳамкорлик доирасида агросаноат мажмуаси, шунингдек, қишлоқ хўжалиги таълими ва илм-фан соҳаларидаги ҳамкорликка оид қатор масалаларни муҳокама қилдилар.

Қозоғистонлик дипломат 2021-2025 йилларга мўлжалланган Қозоғистон агросаноат мажмуасини ривожлантириш миллий лойиҳасини амалга оширишга алоҳида тўхталиб ўтди ва қишлоқ хўжалиги фани агросаноат комплекси эҳтиёжларини ҳисобга олиш, мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлиги доктринаси билан уйғунликда инновацион бўлиши ва бозор эҳтиёжларига жавоб берадиган мураккаб илмий-техникавий маҳсулотларни ишлаб чиқишга эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.

Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Қозоғистон халқига Мурожаатномасида Қозоғистон иқтисодиётининг барча жабҳаларини модернизация қилишни жадаллаштириш бўйича қўйилган вазифаларга тўхталиб, Ж.Абдрашов Венгрия қишлоқ хўжалиги университетини Қозоғистонда ўз филиалини очишни таклиф қилди. Венгриядаги юқори сифатли олий таълим мамлакатда талабга эга бўлишини ва мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлашга қўшимча туртки беришини таъкидлади.

Ректорнинг сўзларига кўра, тўртта университет ва ўн бир илмий тадқиқот институтини бирлаштирган Венгрия қишлоқ хўжалиги ва табиий фанлар университети Марказий ва Шарқий Европадаги қишлоқ хўжалигига йўналтирилган йирик кўп тармоқли олий таълим муассасаларидан биридир.

Ч.Дьюрица Қозоғистонда филиалнинг очилиши икки мамлакат олимларига агросаноат мажмуасининг барча долзарб масалалари бўйича қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш, янги технологияларни трансфер қилиш, қозоғистонлик мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини ошириш имконини беришини таъкидлади.

Венгрия ҳукумати ҳар йили қозоғистонликлар учун 250 та грант ажратади. Венгрия қишлоқ хўжалиги ва табиий фанлар университетида «Стипендиум Хунгарикум» стипендияси доирасида Қозоғистон Республикасидан 29 нафар талаба таҳсил олмоқда. 2022 йилда «Болашақ» халқаро дастурлар марказининг академик ҳаракатчанлиги доирасида 6 нафар тадқиқотчи ўқитувчи Венгрияга қишлоқ хўжалигининг турли соҳаларида илмий изланишлар олиб бориш учун борди.
Сўнгги хабарлар