Уй-жойларни фойдаланишга топшириш кўрсаткичлари ижобий динамикани кўрсатмоқда – ҚР Бош вазири

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов бутун мамлакат бўйлаб режалаштирилган уй-жой ва муҳандислик инфратузилмасини ўз вақтида фойдаланишга топшириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш бўйича топшириқ берди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«Жорий йилда 15 млн метр уй-жой қурилади, бу эса 138 минг оиланинг яшаш шароитларини яхшилаш имконини беради. Умуман олганда, йил бошидан буён республикада уй-жойларни фойдаланишга топшириш кўрсаткичлари ижобий тенденцияни кўрсатмоқда. Беш ой давомида 4,7 миллион квадрат метр фойдаланишга топширилди, бу эса 39 минг оилани уй-жой билан таъминлаш имконини беради», — деди Алихан Смаилов Ҳукумат йиғилишида.

У Ҳукумат томонидан фуқароларнинг уй-жой сотиб олиш имкониятини ошириш, шунингдек, уларнинг шароити ва турмуш сифатини яхшилаш имконини берувчи уй-жой сиёсатига янги ёндашувлар ишлаб чиқилганини эслатди.

«Энди навбатдагилар учун уй-жой тақсимоти «бир дарча» тамойили асосида марказлаштирилган ва шаффоф тарзда амалга оширилади. Бу ерда асосий оператор Отбасы банк бўлади.

Фуқароларни уй-жой билан таъминлашнинг янги механизмлари ҳам ишлаб чиқилди. Улар орасида ижара учун субсидиялар, қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши ҳам бор. Жорий йилда ушбу механизмлар орқали 70 минг фуқарога ижара учун субсидиялар, қишлоқларда 2800 га яқин янги уй-жой бериш режалаштирилган», — дея қўшимча қилди Ҳукумат раҳбари.

Қулай яшаш шароитларини яратиш ва ижтимоий инфратузилмани тўғри тақсимлашни таъминлаш учун шаҳарларни комплекс ривожлантиришнинг янги стандартлари қабул қилинди. Шу билан бирга, Алихан Смаилов маълум қилганидек, уй-жой коммунал соҳасини рақамлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу тариқа, «Е-Құрылыс» ва «Е-Шанырақ» ахборот тизимлари жорий этилмоқда, шунингдек, Шаҳар кадастри портали орқали уй-жойларни фойдаланишга топшириш тўғрисидаги маълумотларни марказлаштирилган ҳолда ҳисобга олиш ҳам жорий этилмоқда.

«Умуман олганда, уй-жой қурилиши ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги ёндашувларни бирлаштириш ва тартибга солиш мақсадида 2026 йилгача уй-жой коммунал инфратузилмасини ривожлантириш консепсиясини қабул қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг аҳамияти ва ижтимоий йўналтирилганлигини инобатга олган ҳолда, барча янги ёндашув ва механизмларнинг самарадорлиги, ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш зарур», — деди Бош вазир.

Шу билан бирга, Бош вазир Саноат вазирлигига уй-жой сиёсатига янгича ёндашувлар тўғрисидаги қонун лойиҳасининг барча қоидаларини парламент палаталари билан биргаликда сифатли ва тезкор ишлаб чиқишни таъминлаш, шунингдек, ушбу қонун лойиҳасини амалга ошириш, уй-жой секторидаги барча ахборот тизимлари, уларнинг барча зарур маълумотлар базалари билан интеграциялашувини таъминлаш бўйича ишларни якунлаш бўйича топшириқ берди.

«Эҳтиёжманд аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ниҳоятда муҳим, шу боис Саноат вазирлиги ва барча вилоятлар ҳокимлари уй-жой ва муҳандислик инфратузилмасининг режалаштирилган ҳажмларини ўз вақтида фойдаланишга топшириш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўришлари лозим», — деди Алихан Смаилов.

Муаллиф: Ақбота Кузекбай

Сўнгги хабарлар