Туркияда зилзиладан жабр кўрган 1,6 млн кишининг уй-жой масаласи ҳал қилинди

None
ASTANA. Kazinform – Туркияда зилзиладан жабр кўрган 1 млн 684 минг кишини уй-жой билан таъминлаш масаласи ҳал қилинди. Бу ҳақда Туркия Республикасининг Қозоғистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Уфук Экижи элчихонада ўтказилган брифингда маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

«Айни пайтда 1 млн 684 минг кишининг уй-жой масаласи ҳал этилган. Бу одамлар учун чодирларда, контейнерларда, ётоқхоналарда ва меҳмонхоналарда жойлар ажратилган. Ҳар куни чодирлар ва контейнерлар ўрнатилмоқда. Чодирли лагерлар 270 та жойда ўрнатилган. Фавқулодда вазиятлар агентлиги томонидан 1809 та, Миллий Мудофаа вазирлиги томонидан 59 мингта чодир ўрнатилди. «Қизил ярим ой» ва бошқа муассасалар томонидан ўрнатилган чодирлар билан уларнинг сони 400 мингга етганини айтишимиз мумкин», - деди Уфук Экижи.

Бундан ташқари, элчи зилзила зонасида 1797 та уй-жой қурилиши бошланганини маълум қилди.

«Ҳукуматимиз 1 йил ичида доимий бошпаналарни қуриш чораларини кўради. Айни пайтда зилзила содир бўлган ҳудудда 1797 та уй-жой қурилиши бошланган. Март ойида 270 минг уй-жой қурилишини бошлаш режалаштирилган», - деди Уфук Экижи.

Брифинг чоғида элчи жабрланганларга ёрдам бериш учун қозоғистонликлар 5 млн доллар йиғишганини айтиб, уларга миннатдорчилик билдирди.

Бундан ташқари, у зилзила оқибатида вайрон бўлган ва қулаш арафасида турган 156 мингта бино аниқланганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, 6 феврал куни ўчоғи Қаҳраманмарашда 7 баллдан юқори бўлган икки зилзила содир бўлди. Зилзила ортидан юзлаб ер ости силкинишлари содир бўлди. Зилзила қўшни давлатлар, жумладан Сурияда ҳам сезилган.

Президент Режеп Таййип Эрдоған Туркияда табиий офат қурбонлари муносабати билан етти кунлик миллий мотам эълон қилди.

Муаллиф: Алихан Асқар

Сўнгги хабарлар