Туркия ва Суриядаги зилзила туфайли 850 мингдан ортиқ бола ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлди

None
ASTANA. Kazinform – Туркия жанубида ва Сурияда содир бўлган икки зилзиладан бир ой ўтиб, 850 мингдан ортиқ бола доимий уй-жойсиз қолди, дея хабар бермоқда Kazinform БМТ ахборот марказига таяниб.

ЮНИСЕФ Болалар жамғармаси минтақадаги болалар ва оилалар учун зилзила оқибатлари ачинарли бўлганини таъкидлайди. Юз минглаб одамлар ночор аҳволда қолган. Кўп оилалар вақтинчалик бошпаналарда яшайди.

Биргина Туркиянинг ўзида жабрланган ҳудудларда 1,9 миллиондан ортиқ киши тегишли санитария шароитлари, сув таъминоти ва тиббий ёрдамдан фойдаланиш имконияти мавжуд бўлмаган турли хил бошпаналарга жойлаштирилган. Мамлакатда 2,5 миллион бола шошилинч гуманитар ёрдамга муҳтож.

«Тўрт ҳафта давомида зилзилалар туфайли уйларини тарк этишга мажбур бўлган оилалар омон қолишга ҳаракат қилишди. Ерости силкинишлари давом этар экан, улар даҳшатга тушишди», – деди ЮНИCЕФнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Афшан Хон.

Дастлабки маълумотларга кўра, зилзилалар оқибатида Сурияда 500 мингдан ортиқ одам уйини тарк этишга мажбур бўлган. Кўплаб уйлар вайрон бўлган. Қолаверса, уйлари омон қолган болали оилалар ҳам ер силкиниши давом этаётгани сабабли уйларига қайтишдан қўрқишмоқда. Сурия бўйлаб 3,7 миллиондан ортиқ бола зилзилалардан жабр кўрди.

6 февраль куни эпицентри Қаҳрамонмарашда, магнитудаси етти баллдан ортиқ бўлган иккита зилзила содир бўлди. Ер силкинишлари ортидан юзлаб афтершоклар мамлакатнинг 10 провинциясида, шунингдек, қўшни давлатлар, жумладан Сурияда ҳам сезилган.

Туркиядаги зилзила қурбонлари сони 46 минг кишидан ошди.

Фото: ЮНИСЕФ/Араф Ватад


Сўнгги хабарлар