Туркий халқлар ўхшаш алифболарни қабул қилиш ташаббуси билан чиқди

None
ASTANA. Kazinform – Астанада Турк дунёси умумий алифбоси бўйича комиссиянинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтяпти. Комиссиянинг вазифаси лотин алифбосига ўтиш даврида таклифлар тўпламини ишлаб чиқишдан иборат, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«Янги алифбога ўтиш ҳар доим давлатнинг ички иши ҳисобланади. Ҳар бир давлат бу муаммони ўзи ҳал қилади. Бизнинг вазифамиз - таклифлар пакетини ишлаб чиқиш. Агар туркий давлатлардан бирортаси шундай қарорга келса, бу тавсиялар асосида алифбонинг энг мақбул, оқилона вариантини танлаш мумкин. Албатта, ҳар бир давлат қайси алифбони қандай шаклда қабул қилишни мустақил ҳал қилади. Аммо агар барча давлатлар лотин алифбосига ўтса, унда биз алифболар имкон қадар бир-бирига яқин, турли туркий халқлар вакиллари учун ўзаро тушунарли бўлишини истаймиз», – деди Туркий тиллар академияси президенти Шайн Мустафоев.

У туркий халқларнинг бир неча асрлар давомида араб алифбосидан фойдаланганликларини мисол қилиб келтирди. Унинг сўзларига кўра, бу ҳамма учун тушунарли эди. Шундай қилиб, зиёлилар алифбоси ўхшашлиги туфайли турли туркий давлатларда нашр этилган китоб ва асарларни бемалол ўқий олган.

«Бугунги кунда алифболар бир-биридан кескин фарқ қилса, халқимиз учун бошқа халқлар адабиётини, матбуот хабарларини, умумий ёзма маданиятини тушуниш жуда қийин бўлади. Агар бу алифболар ўхшаш бўлса, у ҳолда алоқа яқинроқ бўлади ва муносабатлар эркин бўлади. Бу халқларимизнинг маданий яқинлашувига, бутун туркий дунёнинг маданий интеграциялашувига имкон беради», – деди Шайн Мустафоев.

У туркий халқлар алифбосини лотин алифбосига ўтказиш муаммоси ХІХ аср охири ХХ аср бошларида кўтарилганини эслатди. 1926 йилда Бокуда бўлиб ўтган биринчи туркологик қурултойда туркий халқларни лотин алифбосига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. 1939-1940 йилларгача собиқ Иттифоқнинг барча мусулмон халқлари лотин алифбосидан фойдаланган. Бироқ кейинчалик ихтиёрий қарор билан кирилл алифбосига ўзгартирилди.

Муаллиф: Алихан Асқар


Сўнгги хабарлар