Туркистонда жорий йилда 5 мингдан ортиқ хонадон фойдаланишга топширилади
4 Май 07:11

Туркистонда жорий йилда 5 мингдан ортиқ хонадон фойдаланишга топширилади

TÚRKİSTAN. Kazinform – Жорий йилда Туркистоннинг янги тумани ҳудудида қурилган 5313 та хонадон фойдаланишга топширилиши режалаштирилган, деб хабар беради Kazinform Туркистон вилояти ҳокимлиги матбуот хизматига таяниб.

Квартираларнинг умумий майдони 345 минг квадрат метрни ташкил қилади. Шундан 4039 та хонадон кредитга берилса, 1274 таси навбатда турганларга берилади.

Туркистон вилояти ҳокими Ўмирзақ Шўкеев раислигида ўтказилган ҳафталик йиғилишда Туркистон шаҳри ҳокими Нурбол Турашбеков маълум қилганидек, маъмурий-ишбилармонлик марказида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 82 та турар-жой бинолари (7, 9 ва 12 қаватли) қурилмоқда. Улардан 10 таси май ойи охиригача топширилади.

Барча қурилиш объектларида ободонлаштириш ишлари параллел равишда олиб борилаётгани, пудратчиларга қўйиладиган асосий талаб объектлар сифати эканлигини таъкидлади.

Йўл масаласи ҳам кун тартибидан ўрин олди.

Вилоят йўловчи транспорти ва автомобил йўллари бошқармаси бошлиғи Ролан Иброҳимовнинг таъкидлашича, жорий йилда йўл хўжалигини ривожлантириш учун жиддий бюджет маблағлари ажратилиб, 700 га яқин объект ёки 1632 километр йўл ва кўчаларни қуриш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган. Қурилиш-таъмирлаш ишлари маҳаллий аҳамиятга эга тўртта кўприк ва 1500 километрдан ортиқ йўлни қамраб олади. Аҳоли пунктларида 1000 километрга яқин кўчаларни таъмирлаш режалаштирилган.

«Туркестон-Шаульдер» автомобил йўлининг 35 километрида реконструкция ишлари бошланди. Кентаудан Туркистонга олиб борувчи 24 километрлик кириш йўли реконструкция қилинмоқда. Объект келаси йили қуриб битказилади.

Сауран ҳудудини вилоят маркази билан боғловчи аҳоли пунктларидан ўтувчи 100 километрга яқин вилоят аҳамиятидаги автомобил йўллари таъмирланмоқда.

Вилоят ҳокими топшириғига кўра, Толе би туманининг Қасқасу ва Бургулюк аҳоли пунктларида сайёҳлик объектларига олиб борувчи йўллар қурилиши жадал олиб борилмоқда.

Ўмирзақ Шўкеев обод йўллар ҳудуд ривожида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб, уларни сифатли ва ўз вақтида қуриш ва таъмирлаш бўйича кўрсатмалар берди.


Ўхшаш янгиликлар

Янгиликлар

Архив