Туркистон шаҳрининг гастрономик харитаси тақдим этилди

None
ASTANA. Кazinform – Бугун Туркистон шаҳрида «Gastro Fest Turkistan – 2022» деб номланган кенг кўламли гастрономик фестивал бўлиб ўтди, деб хабар беради Кazinform мухбири.

Гастрофестивалда шаҳардаги 25 дан ортиқ муассасаларда миллий, маҳаллий ва кўча таомлари тайёрланди. Бундан ташқари, тадбир меҳмонлари ширинликлар ва турли ичимликлардан татиб кўриш имконига эга бўлдилар.

Фестивал иштирокчиларига қўйиладиган талаблардан бири – анъанавий таомларни муаллиф рецепти бўйича кўча таомлари форматида тайёрлаш. Менюда жаҳон андозалари даражасидаги таомлар ҳам тақдим этилган.

Мазкур тадбирни ўтказишдан мақсад вилоятда умумий овқатланиш соҳасини ривожлантириш ва гастрономик бренд яратиш имкониятини яратишдан иборат.

– Маҳаллий халқнинг гастрономик санъатини тарғиб қилишга қаратилган фестивал вилоятимиз уста ошпазлари анъаналарини давом эттиришга ижобий туртки бериш мақсадида ташкил этилмоқда, – деди Туркистон вилояти ҳокими ўринбосари Сакен Қалқаманов фестивалнинг очилиш маросимида.

Пазандачилик санъати фестивалида 2000 дан ортиқ киши қатнашди. Пазандачиликдан ташқари концертлар, ўйинлар, танловлар, маҳорат дарслари ташкил этилди.

Тадбир доирасида «Оpen Turkistan» туристик ахборот маркази Туркистоннинг илк гастро-картасини тақдим этди. Харитада сайёҳлар учун шаҳарда овқатланиш жойлари ҳақида маълумотлар мавжуд.

«Масалан, гастрономик харитада ҳақиқий Туркистон сомсасини, жанубий кабобни, қадимий қозоқ рецептлари бўйича таомларни ёки маҳаллий фастфудни қаерда ейишингиз мумкинлигини топишингиз мумкин. Гастрокарта нафақат сайёҳлар учун қўлланма, балки ресторан ва кафеларга ташриф буюриш учун чегирма купонлари тўпламидир. Барча купонлар йил охиригача амал қилади», — дейилади хабарда.

Муаллиф: Даулет Изтилеу

Сўнгги хабарлар