Туркистон мактаблари қуёшдан қувватланади

Фото: None
TÚRKİSTAN. Kazinform – Туркистондаги Ж.Ташенов номидаги №23 IT лицейида қуввати 50 киловатт бўлган қуёш электр станцияси ўрнатилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

«Eni» компанияси ва БМТнинг Қозоғистондаги тараққиёт дастури ҳамда Туркистон вилояти ҳокимлиги ўртасидаги қўшма лойиҳа доирасида ташқи ёритиш учун қуёш панеллари ўрнатилиб, ўқув хоналаридаги ёритиш тизими янгиланди.

Иссиқликни назорат қилиш учун махсус клапанлар, энергия тежовчи қурилмалар, сув ҳисоблагичлари, лед лампалар, термостатлар ўрнатилди. Ушбу лойиҳа ёрдамида 1900 ўқувчига мўлжалланган мактаб қуёш электр станциясидан фойдаланилади.

«Биз Туркистонда тарихий воқеанинг гувоҳи бўлдик. Мактаб қуриш, ва уни замонавий ўқув хоналари, техника воситалари билан таминлаш катта масала. Бугун ушбу мактабда қуёш электр станциясини ўрнатмоқдамиз. Лойиҳага кўра, биринчидан, мактабнинг электр энергияси нархи сезиларли даражада арзонлашса, иккинчидан, ўқувчилар қайта тикланадиган энергияни қандай ишлаб чиқаришни ўзлари кўришлари мумкин бўлади», – деди вилоят ҳокими Ўмирзоқ Шўкеев.

Мактабни модернизация қилиш лойиҳаси мактаб харажатларини, энергия сарфини ва карбонат ангидрид чиқиндиларини камайтиради.

«Яшил» иқтисодиётни ривожлантириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳавони тозалаш имконини беради.

Ушбу лойиҳа мисолида «Eni» ва БМТТД мамлакатда энергия тежаш дастурларини давом эттириш ниятида.

«2060 йилгача углерод нейтраллиги мақсадига эришиш ҳам Қозоғистон, ҳам бутун дунё учун жуда муҳим устувор вазифадир. БМТТД энергетика соҳасидаги трансформациялар доирасида Қозоғистон ҳукумати ва барча ҳамкорлар билан самарали ҳамкорликни давом эттириш ниятида», - деди БМТ Тараққиёт дастурининг Қозоғистондаги доимий вакили Якуп Бериш.


Муаллиф: Қайрат Зайнишев


Сўнгги хабарлар