Турк дунёси Туркияни қўллаб-қувватлашда бирдамлик кўрсатди

None
BAKU. АNADOLY - Кazinform – Феврал ойида эпицентри Қаҳраманмараш провинциясида бўлган даҳшатли зилзилалар оқибатларини бартараф қилишда туркий тилли давлатлар Туркияга фаол ёрдам кўрсатди. Бундан ташқари, ёрдам нафақат молиявий кўмак кўринишида кўрсатилди, балки гуманитар юклар йиғиб жўнатишда ҳам қардош мамлакатлар жонбозлик кўрсатди, дея хабар беради Кazinform Анадолуга таяниб.

Озарбайжон биринчилардан бўлиб қардош Туркияга ёрдам кучларини сафарбар қилди

Табиий офат зонасига Озарбайжондан 867 нафар қутқарувчи ва шифокор юборилди. Биринчи гуруҳлар Туркияга зилзиладан кейинги эртаси куни етиб келишди. Иш давомида улар вайроналар остидан 53 кишини қутқариб олишди.

Бундан ташқари, Озарбайжондан офат зонасига 10 мингдан ортиқ чодир, 2,5 мингга яқин генератор, 20 мингдан ортиқ иситгич, 32 минг кўрпа-тўшак, шунингдек, тонналаб озиқ-овқат маҳсулотлари жўнатилди.

Озарбайжон Давлат нефт компанияси SOCAR тез тиббий ёрдам машиналари, ўт ўчириш бригадалари, Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш (AFAD) ва қидирув-қутқарув хизматларини бепул ёқилғи билан таъминлади.

Озарбайжонда ёрдам йиғиш кампанияларининг ташаббускорлари «Бирлик ва ҳамжиҳатлик платформаси: Туркия асри», «Биродарлар ёрдами» ва «Ҳайдар Алиев фонди» бўлди.

Туркия аҳолисига ёрдам бериш учун Озарбайжондан махсус ҳисоб рақамига 15 миллион долларга яқин маблағ ўтказилди.

Айни вақтда Туркияга 15 та самолёт, 365 та юк машинаси ва 25 та поезд орқали инсонпарварлик ёрдами етказилди.

Қозоғистон жабрланганлар учун 15 миллион доллар ва 100 дан ортиқ кигиз уйлар жўнатди

Қозоғистон ҳам Туркияга биринчилардан бўлиб ёрдам қўлини чўзди. Президент Қасим-Жомарт Тоқаев номидан Ҳукумат Туркияга 1 миллион доллар миқдорида молиявий ёрдам кўрсатди, шунингдек, табиий офат зонасига умумий оғирлиги 55 тонна бўлган гуманитар юк жўнатди.

Туркиянинг Астанадаги элчихонаси махсус банк ҳисоб рақами очди ва унга 15 миллион долларга яқин пул ўтказилди. Барча хайрия пуллари AFAD ҳисобига тушди.

Ҳукумат билан бир қаторда, Қозоғистон ташкилотлари ва оддий аҳолиси ҳам Туркияни қўллаб-қувватлаш бўйича гуманитар акцияларда иштирок этиб, 500 тоннадан ортиқ инсонпарварлик ёрдамини йиғишди, шунингдек, 100 дан ортиқ кигиз уй харид қилишди.

Қозоғистондан 100 нафарга яқин қутқарувчидан иборат қидирув-қутқарув гуруҳи Газиантеп, Нурдаги ва Хатайда олиб борилган қутқарув ишларида иштирок этди. Қозоғистон қутқарувчилари вайроналар остидан етти кишини қутқариб олишди, шунингдек, 88 нафар қурбонларнинг, жумладан, 10 нафар боланинг жасадини олиб чиқишди.

Ўзбекистонлик ошпазлар табиий офат зонасининг 10 минг нафар аҳолиси учун таом тайёрлади

Туркиядаги табиий офатдан кўп ўтмай, Ўзбекистонда Туркиянинг зилзиладан жабр кўрган вилоятлари аҳолиси учун ёрдам йиғиш кампанияси бошланди.

Акция Туркиянинг Тошкентдаги элчихонаси томонидан мувофиқлаштирилиб, унда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси қошидаги «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси, шунингдек, Ўзбекистон-Туркия ишбилармонлари уюшмаси (UTİD), Ташқи иқтисодий алоқалар кенгаши (DEİK), Туркия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши, Мустақил саноатчилар ва тадбиркорлар уюшмаси (MÜSİAD) Ўзбекистон бўлими ва бошқа бир қатор ташкилотлар ҳам ёрдам йиғишда фаоллик кўрсатди.

5 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда давом этаётган акция доирасида 600 минг доллардан ортиқ хайрия маблағи йиғилган. Бундан ташқари, дори-дармон ва тиббий буюмлар, озиқ-овқат, кийим-кечак, пойабзал, кўрпа-тўшак, болалар тагликлари ва гигиена воситалари, генераторлар, электр иситгичлар бошқа зарурий буюмлардан иборат 600 тоннадан ортиқ инсонпарварлик ёрдами тўпланиб, Туркияга жўнатилди.

Табиий офат зонасида қидирув-қутқарув ишларида Ўзбекистондан ҳам 100 кишилик гуруҳ қатнаш, Овакентдаги дала госпиталида Ўзбекистондан 71 нафар ҳарбий шифокор иш олиб борди.

Ўзбекистонлик қутқарувчилар Туркияда 18 кишининг ҳаётини сақлаб қолишди.

Бундан ташқари, ўзбекистонлик ошпазлар табиий офат ҳудудида жабрланганлар учун таом тайёрлаб беришди. 10 мингга яқин кишига кунига икки маҳал озиқ-овқат тарқатилди.

Қирғизистон табиий офат ҳудудида 124 та чодир тикди

Қирғизистон аҳолиси Туркиянинг Бишкекдаги элчихонаси билан келишилган ҳолда Туркиядаги зилзила қурбонлари учун 55 тонна гуманитар ёрдам йиғишди. Эҳтиёжмандлар учун хайрия йиғиш учун махсус ҳисоб рақамига 994 364 доллар ўтказилди.

Бундан ташқари, 6 март ҳолатига кўра, Қирғизистон Молия вазирлиги томонидан Туркиядаги табиий офат зонасига ёрдам кўрсатиш учун очилган ягона махсус ҳисоб рақамига 1,117 миллион доллар ўтказилди.

Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги жабрланганлар учун 124 та чодир жўнатди.

Туркманистон ҳам четда қолмади

Туркманистонда ҳам Туркиядаги зилзила қурбонлари эҳтиёжлари учун ёрдам йиғиш кампанияси уюштирилди.

Маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотлари ва Туркиянинг Ашхободдаги дипломатик миссияси ҳамкорлигида ташкил этилган акция доирасида 8071 та кўрпа-тўшак, 380 та каравот, 20 та генератор, 60 та иситгич, 6 та мобил ҳожатхона, 11,2 тонна кийим-кечак, 44,4 тонна тиббий буюмлар ва 67 тонна озиқ-овқат етказилди.

Эслатиб ўтамиз, 6 февраль куни Қаҳраманмарашда 7 баллдан кучли икки марта зилзила содир бўлган эди. Зилзилалар мамлакатнинг 10 та провинциясида, шунингдек, қўшни давлатлар, жумладан Сурияда ҳам сезилган. Охирги маълумотларга кўра, Туркия жанубида содир бўлган даҳшатли зилзилалар қурбонлари сони 46 104 кишига етди.

Туркиядаги зилзилалардан сўнг вайроналарни тозалашда 88 давлатдан 11 минг қутқарувчи иштирок этди, улар орасида қозоғистонликлар ҳам бор. Алматида Туркиядаги зилзила оқибатларини бартараф этишда иштирок этган қутқарувчилар тақдирланди.

БМТ Тараққиёт дастурининг Туркиядаги расмий вакили Луиза Винтон сешанба куни бўлиб ўтган брифингда феврал ойида содир бўлган зилзилаларнинг Туркияга етказган зарари 100 миллиард доллардан ошиши мумкинлигини айтди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, минтақада зилзилалар яна олти ой давом этади. Туркияда кучли зилзила бўлишини башорат қилган нидерландиялик тадқиқотчи Франк Хугербитс март ойи бошида янги эҳтимолий офатлар ҳақида огоҳлантирди.

7 март куни Туркиянинг Ҳатай, Қаҳраманмараш ва Кайсери вилоятларида учта зилзила содир бўлди.


Сўнгги хабарлар