Транскаспий халқаро транспорт коридори орқали юк ташиш ҳажми 2,5 баробар ошди

Фото:
ALMATY. Kazinform – Транскаспий халқаро транспорт коридори орқали юк ташиш ҳажми 2,5 баробар ошди. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Савдо ва интеграция вазири ўринбосари Қайрат Балиқбаев Европа Иттифоқи – Марказий Осиёнинг иккинчи иқтисодий форумида маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

«Биз Транскаспий халқаро транспорт коридорининг (ТХТК) ривожланиш салоҳиятидан фойдаланишга фаол чақирамиз. Статистик маълумотларга кўра, ушбу йўналишнинг умумий ўтказувчанлиги йилига 5,8 миллион тонна юкни ташкил этади. Аммо ўтган йили 1,5 миллион тонна юк ташилган. Бу 2021 йилга нисбатан 2,5 баробар кўпдир. Хусусан, контейнер ташиш ҳажми йигирма фут эквиваленти (ЙФЭ) бўлган 33 минг контейнерни ташкил этган бўлса, Транскаспий халқаро транспорт коридорининг салоҳияти бугунги кунда 80 минг ЙФЭ контейнерини ташкил этади. Ўтган йили бу кўрсатгич бор-йўғи 33 минг бўлди», – деди Қайрат Балиқбаев.

Унинг сўзларига кўра, ўтган йили ТХТКда иштирок этувчи мамлакатлар ҳукуматлари аъзолари учрашиб, бу йўналишнинг муҳимлигини таъкидлаган. Вице-вазир Транскаспий йўналиши имкониятлари ҳақида гапирар экан, бу йўналиш транзит юк ташишдан ташқари, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга Европа бозорига чиқиш имконини беришини айтди.

«Ўтган йили ташилган 1,5 миллион тонна юкнинг 60 фоизи Қозоғистон экспорти бўлди. Таъкидлаш жоизки, Қозоғистон экспорти юк оқимининг муҳим қисми, яъни нефть-кимё, қора ва рангли металлар, кўмир, ферроқотишмалар, дон ва бошқа юклар аллақачон ТХТК орқали йўналтирилади. Ўйлаймизки, ТХТК қуввати ошса, Қозоғистон маҳсулотлари экспорти ҳам ортади», – деди у.

Вазир ўринбосари Қайрат Балиқбаев, шунингдек, Ҳукумат томонидан Ақтау денгиз порти эркин иқтисодий зонаси негизида контейнер хаб ташкил этиш масаласи устида иш олиб борилаётгани, Қурик порти қурилиши ниҳоясига етаётганини маълум қилди.

Муаллиф: Думан Арғингелди


Сўнгги хабарлар