Тошкентда «Евроосиё» Халқаро театр санъати фестивалининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди

None
Фото: ЎзА
TASHKENT. UzA-Kazinform - Тошкентдаги «Туркистон» санъат саройида «Евроосиё» Халқаро театр санъати фестивалининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар беради Kazinform UzAга таяниб.

ЎР Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков мамлакатда биринчи марта ташкил этилган ушбу фестиваль театр санъати фидойилари учун ғоят манфаатли бўлганини таъкидлади.

«Фестиваль чин маънода дўстлик байрами сифатида ўтказилди, – деди вазир О.Назарбеков. – Бу тадбирда мусобақалашишдан кўра, театрлар ўртасидаги ижодий ҳамкорликни кенг йўлга қўйишга катта эътибор қаратилди. Шунинг учун фестивалда ўринларни белгиламадик. Сир эмаски, бугунги кунда инсон маънавияти, маданиятига бир мунча путур етмоқда. Бу ўринда энг катта тарбия вазифасини театр бажаради. Маълумки, ҳозирги кунда театрларда ҳам ўзига яраша муаммолар бор. Мазкур фестиваль воситасида мавжуд муаммоларга ечим топишга интилдик. Ўйлайманки, театр жамоалари ўзлари учун янги ижодий майдонни кашф этдилар.

Ушбу фестиваль халқлaр ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, профессионал театр жамоалари фаолиятини оммалаштириш, театр ижодкорларининг доимий ҳамкорлигини йўлга қўйиш, ўзаро тажриба алмашишдек мақсадларга хизмат қилгани билан аҳамиятлидир.

Фестивалда 11 та хорижий давлат, Ўзбекистондан эса 15 та театр жамоаси ўзининг энг сара спектакллари билан қатнашди.
«Ўзбекистонга бундан ўттиз йиллар аввал келгандим, – деди франциялик режиссёр ва продюсер Кристоф Фетрие. – Ўшанда атоқли режиссёр Баҳодир Йўлдошев билан ҳамкорликда «Тартюф» спектаклини саҳналаштиргандик. Мен ўзбекистонлик актёр дўстларим билан яна учрашганимдан жуда мамнунман. Тошкент таниб бўлмас даражада ўзгариб кетибди. У янада чирой очган. Илк бор ўтказилаётган бундай нуфузли фестивалда ижодий жамоалар энг яхши саҳна асарлари билан келгани диққатга сазовор. Мазкур фестиваль турли гастролларни ташкил этиш, ижодкорларнинг фикр алмашишида янги истиқболларни очади.

«Евроосиё» халқаро театр санъати фестивали жуда гўзал тарзда ўтди, – деди канадалик драматург Жавайид Дониш. – Ўзбек санъати жуда мафтункор ва бетакрор санъатдир. Бу фестиваль Марказий Осиё минтақасида илк бора ўтказилаётгани, савияси билан жуда аҳамиятли бўлди.

Фаол иштирокчилар тақдирланди. ТУРКСОЙ ташкилотининг махсус совғаси «Қоракўз» спектакли учун Г.Мусрепов номидаги Қозоғистон давлат болалар ва ўсмирлар театр жамоасига топширилди.
Тадбирда санъат усталари ижросидаги катта концерт дастури намойиш этилди.

Сўнгги хабарлар