Тошкентда «Caspian Energy Club» ваколатхонаси очилиши мумкин

None
TASHKENT. Kazinform – Тошкентда «Caspian Energy Club» ваколатхонаси очилади. Бу ҳақда Kazinform UzAга таяниб хабар беради.

Маълум бўлишича, «Caspian Energy Club» – Каспий-Қора денгиз ва Болтиқ бўйи минтақаларида фаолият юритувчи, дунёнинг 50 давлатидаги 5000 дан зиёд компания ва корхонани бирлаштирган, Озарбайжон, Грузия ва Қозоғистонда расмий ваколатхонаси мавжуд йирик минтақавий ташкилотдир.

Ушбу йирик клуб аъзолари Ўзбекистон билан кенг кўламли ҳамкорлик қилиш истагини билдиришди. Бу ҳақда «Caspian Energy Club» раиси Тельман Алиев бошчилигидаги делегация билан кечган учрашувда айтилди.

Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида бўлиб ўтган тадбирда ахборот-коммуникация соҳалари, фармацевтика ва тўқимачилик саноатида инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга оширишни назарда тутувчи ҳамкорлик истиқболи муҳокама қилинди.

«Caspian Energy Club» ва Ўзбекистон Хорижий инвестицияларни рағбатлантириш агентлиги иштирокида мунтазам анжуманлар ўтказиш, Озарбайжоннинг IT-компаниялари ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналари вакилларидан иборат делегациянинг қўшма лойиҳалар яратиш мақсадида мамлакатга ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Ахборот ҳамкорлигини йўлга қўйиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, 19 давлатда нашр этилиб, 50-70 минг нусхада чоп этилаётган «Caspian Energy» журналида Ўзбекистоннинг инвестициявий имкониятини тарғиб қилишга келишилди.

Учрашув якунида минтақа ишбилармон доираларининг Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга қизиқиши ортиб бориши муносабати билан Тошкент шаҳрида «Caspian Energy» ваколатхонасини очиш зарурлиги тасдиқланди.

Фото: UzA


Сўнгги хабарлар