Тоқаев Германиянинг техник мутахассислар тайёрлаш тажрибасига қизиқиш билдирди

None
NUR-SULTAN. Kazinform - Давлат раҳбари Германия иқтисодий делегациясини қабул қилди. Учрашувда Қозоғистон ва Германия ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди, дея хабар беради Ақорда.

Давлат раҳбари Германия ҳукумати ва ишбилармон доиралари вакилларига эътибор қаратиб, мамлакатимиз энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт-логистика, таълим, илмий-техникавий кадрлар тайёрлаш каби муҳим йўналишларда ҳамкорликни чуқурлаштиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Ҳозирда ҳукумат томонидан 800 та потенциал инвестиция лойиҳасидан иборат лойиҳа пули тайёрланди. Шунингдек, Қозоғистон немис компанияларини жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга тайёр.

«Германия Қозоғистоннинг Европа Иттифоқидаги энг муҳим ҳамкори ҳисобланади. Қозоғистонда Германия капитали иштирокидаги 600 дан ортиқ корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда. Савдо ва сармояни ошириш учун катта имкониятлар мавжуд»

, - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Шу билан бирга, Давлат раҳбари Германиянинг техник мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш тажрибасига қизиқиш билдирди.



Хусусан, Қозоғистонда маҳаллий мутахассислар савиясини ошириш учун Германия техника институтларининг ваколатхоналари, лабораториялари, илмий ва малака марказларини очиш имкониятлари кўриб чиқилмоқда.

Делегация раҳбари, Қозоғистон ва Германия ҳукуматлараро комиссияси ҳамраиси Доминик Шнихельс икки мамлакат давлат органлари ва бизнес тузилмалари ўртасидаги фаоллик даражасини юқори баҳолади.

Шунингдек, у ҳукуматда немис компаниялари билан ҳамкорликда ишлаётган махсус гуруҳ фаолияти самарадорлигини қайд этди.

Делегация вакиллари немис бизнеси Транскаспий транспорт йўлагини ривожлантириш, конларни ўзлаштириш ва энергетика соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Фото: akorda.kz

Сўнгги хабарлар