Ўтган йили Қозоғистон аҳолиси рақамли ҳужжатлардан 32 миллион марта фойдаланган

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform – Ўтган йили қозоғистонликлар рақамли ҳужжатлардан 32 миллион марта фойдаланган. Бу 2020 йилга нисбатан қарийб 10 баробар кўпдир, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Бу ҳақда ҚР рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Бағдат Мусин Парламент Мажилисининг ялпи мажлисида маълум қилди.

«2020 йилда рақамли ҳужжатлардан атиги 3,6 миллион марта фойдаланилган бўлса, ўтган йили 32 миллион марта фойдаланилган. Янги таклиф этилаётган қонун лойиҳасида электрон ҳужжатларни қоғоз эквиваленти билан тенг асосда қонунийлаштириш, электрон ҳужжатлардан тўлиқ фойдаланишга тўсқинлик қилаётган қонунчиликдаги номувофиқликлар ва турли ўқишларни бартараф этиш ҳамда рақамли ҳужжатлар кўламини кенгайтириш кўзда тутилган», — деди Бағдат Мусин.

Унга кўра, қонун лойиҳаси фуқаролик ҳолати далолатномаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги ҳужжатлар, масалан, туғилганлик, никоҳ ва никоҳдан ажралиш тўғрисидаги гувоҳномаларни электрон форматга ўтказишни назарда тутади.

«Фуқаролар учун қулай бўлади, чунки улар муассасаларга бориш мажбуриятидан озод қилинади, фуқаро исталган вақтда ҳужжатни чоп этиши ёки QR-код билан электрон вариантини тақдим этиши мумкин. Бундан ташқари, агар ҳужжат йўқотиб қўйилса, унинг дубликатини ясатиш керак эмас. Фуқаро ўзи хоҳласа ёки хорижга чиқса ҳужжатни қоғозга босиб чиқартириши мумкин бўлади», - деди вазир.

Муаллиф: Жанат Қапалбаева

Сўнгги хабарлар