Ўтган йилда Қозоғистон ва ИҲТ давлатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 34,8 фоизга ўсди

None
TASHKENT. Kazinform – 2022 йилнинг 11 ойи давомида Қозоғистон ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти мамлакатлари ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси 34,8 фоизга ўсиб, 8,5 миллиард долларни ташкил қилди. Бу ҳақда Тошкентда бўлиб ўтаётган ИҲТ давлатлари Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 26 йиғилиши чоғида Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди маълум қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Вазир Ташкилотга аъзо бўлганидан бери ИҲТ билан ҳамкорлик Қозоғистон ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири бўлиб келганини таъкидлади. Қозоғистон 30 йилдан ортиқ вақт давомида ИҲТ ва унинг ташаббуслари томонидан доимо қўллаб-қувватланиб келади.

«Президент Қасим-Жомарт Тоқаев ўтган йили деярли барча ИҲТ давлатлари – Ўзбекистон, Озарбайжон, Эрон, Қирғизистон, Туркманистон ва Туркияга давлат ва расмий ташрифлар билан борган ва бу ерда аниқ келишувларга эришилган эди. Бугун биз мамнуният билан эълон қиламизки, 2021 йилда Қозоғистон ва ИҲТ давлатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 37,1 фоизга ошган (2020 йил – 5,6 миллиард доллар, 2021 йил – 7,6 миллиард доллар). 2022 йилнинг 11 ойи давомида ўзаро савдо кўрсаткичлари 34,8 фоизга ўсиб, 8,5 миллиард долларни ташкил қилди», — деди Мухтар Тлеуберди.

Шу нуқтаи назардан, ҚР ТИВ раҳбари Қозоғистон ҳамиша ИҲТнинг транспорт-логистика компонентининг муҳимлигини таъкидлаб келганини эслатди. Унинг сўзларига кўра, Шарқдан Ғарбга ҳам юк ташиш, ҳам йўловчи ташиш учун жуда мос бўлган ИҲТнинг ўзига хос географик афзалликларидан самарали фойдаланиш мамлакатлар иқтисодиёти ривожланишига сезиларли туртки бериши мумкин.

«Истиқболли йўналишлардан бири «Шимол-Жануб» йўлаги бўлиб, унинг шарқий тармоғи Қозоғистон-Туркманистон-Эрон темир йўли участкаси ҳисобланади. 2022 йилда ушбу йўналиш бўйича қарийб 130 минг тонна юк ташилган, бу аввалги 2021 йилга нисбатан 10 баробар кўпдир. Мазкур йўлакни мақсадли ва изчил ривожлантириш натижасида ўтказиш қувватини йилига 10 миллион тоннагача ошириш мумкин», – деди маърузачи.

Вазир ўз нутқида, шунингдек, Қозоғистон ҳам ИҲТга аъзо кўплаб давлатлар каби Афғонистондаги вазиятдан хавотирда эканлигини ва ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда жаҳон ҳамжамиятининг ушбу мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларига ҳисса қўшишини таъкидлади.

«Биз афғон аҳолисига мунтазам равишда гуманитар ёрдам кўрсатамиз, афғон ёшларини Қозоғистон таълим муассасаларида ўқитиш бўйича миллий ва халқаро дастурларни амалга оширамиз. Шубҳасиз, Афғонистон халқаро ҳамжамиятнинг қўшимча ёрдамига муҳтож бўлади. Биз де-факто Афғонистон раҳбарияти билан гуманитар ва савдо соҳаларида амалий ҳамкорликни давом эттиришни муҳим деб биламиз», — деди Мухтар Тлеуберди.

Муаллиф: Мадибек Жанибеков


Сўнгги хабарлар