Швейцарияда Қозоғистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
1 Сентябрь 11:11

Швейцарияда Қозоғистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди

GENEVA. Kazinform - Женевада (Швейцария) Қозоғистон мустақиллигининг 30 йиллигини нишонлаш доирасида «Қозоғистон - БМТ: Тинчлик учун ҳамкорлик» халқаро конференцияси бўлиб ўтди, деб хабар беради Kazinform Президент кутубхонасига таяниб.

Тадбир Семей ядро полигони ёпилганининг 30 йиллиги ва 29 август - Халқаро ядровий синовларга қарши кураш кунига бағишланди.

Aнжуманда қозоғистонлик ва хорижий сиёсатчилар, ядровий қуролсизланиш соҳасидаги экспертлар, дипломатик миссия ва ваколатхоналар вакиллари иштирок этишди.

Президент кутубхонаси директори Бақитжан Темирболат ўз нутқида Биринчи Президент туфайли мамлакат сиёсий жасорат кўрсатганини ва «ядро клуби» аъзолигидан шараф билан воз кечганини таъкидлади. 1991 йилда Семей полигонининг ёпилиши ядро қуролини тарқатмаслик ва қуролсизланиш жараёнининг янги босқичини бошлаб берди.

«Қозоғистон ядро қуролларини тарқатмаслик ва қуролсизланиш соҳасидаги шаффофлик моделини бутун дунёга намойиш этди. У бу очиқликни ташқи сиёсатнинг асосларидан бирига айлантирди. Натижада, мамлакатимиз ядро қуролларини тарқатмаслик ва атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасидаги барча фундаментал халқаро шартномаларнинг иштирокчисига айланди. Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Нурсултон Назарбоевнинг ядровий қуролга қарши ташаббусларини илгари суради ва халқаро хавфсизликни мустаҳкамлаш сиёсатини давом эттиради. 2019 йил сентябр ойида БМТ Бош Aссамблеясининг 74-сессиясида Президент дунёни ядро қуролидан озод қилиш Қозоғистоннинг асосий вазифаларидан бири эканлигини таъкидлади «, - деди у.

1949 йилдан 1989 йилгача Семей полигонидаги портлашлар сони 456 тани ташкил этди. Бу кўрсаткич дунёдаги ядровий синовларнинг 25 фоизини ташкил қилади (БМТ маълумотларига кўра, 2000 та синов). 1,5 миллиондан ортиқ одам радиация таъсирига учради. 300 минг квадрат километрдан ортиқ ерлар иқтисодий муомаладан чиқарилди. Фойдаланишга яроқсиз ҳудуднинг майдони тахминан етти Швейцарияга тенг келади.

БМТнинг Женевадаги бош директори Татьяна Валовая Қозоғистоннинг глобал хавфсизликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси ҳақида шундай деди: «Сизнинг биринчи Президентингиз Нурсултон Назарбоевнинг 40 йил давомида ядровий синов ўтказган Семей полигонини ёпиш ҳақидаги сиёсий қарори ҳақиқий жасоратдир. Бу жасоратдан сўнг Қозоғистон ядровий қуролсизланишга қаратилган қатор изчил ташаббусларни ишлаб чиқди. Шу нуқтаи назардан, биз дунёни глобал ядро қуролидан озод қилиш учун курашни давом эттиришимиз муҳим «.

Aнжуманда Миллий ядро маркази бош директори Ерлан Батирбеков, Ядро қуролини тақиқлаш халқаро кампанияси директори Беатриc Фин, БМТнинг Қуролсизланиш масалаларини тадқиқ этиш институти директори Робин Гайсс ва бошқалар маъруза қилди.

Тадбир давомида «Ядро қуроли бўлмаган дунёга бурилиш: Президент ташаббуслари» илмий тўпламининг инглиз тилидаги версияси тақдим этилди. Президент кутубхонаси директори Тимур Шаймергенов нашрга изоҳ берди:

«Нурсултон Назарбоевнинг шахсий архивидаги ёзувлар ва ҳужжатлар тадқиқотчилар учун жуда муҳим бўлади. Улар орасида Семей шаҳридаги Президент кутубхонаси ходимлари аниқлаган ноёб материаллар ҳам бор. Бу ҳужжатлар Совет Иттифоқи даврида очилган полигон тарихини акс эттиради. Уларнинг кўпчилиги илгари махфий бўлган, энди улар жамоатчиликка очиқ. Бутун дунёдаги одамлар ядро қуроли тарихи ва Қозоғистонга таъсири билан танишиши учун биз бу материалларни инглиз тилига таржима қилдик «.

Эслатиб ўтамиз, Президент кутубхонаси шу йилнинг 30 августидан 1 сентябригача Женевада бир қанча тадбирлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашувлар ўтказади. Улар доирасида глобал ва минтақавий хавфсизлик, архив ва тарихий тадқиқотлар, дипломатия ва халқаро алоқалар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ҳужжатлар имзоланади.

30 август куни Президент кутубхонаси Женева сиёсат ва хавфсизлик маркази билан ҳамкорлик меморандумини, шунингдек, БМТ кутубхонаси ва архивлари билан ниятдошлик мактубини имзолади.

Янгиликлар

Архив